Бойсун–Денов йўлининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди
111 километрлик Дарбанд–Бойсун–Элбаён автомобил йўлини қайта қуриш лойиҳасининг 5–32,5 километрлик биринчи босқичи якунига етказилиб, Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди. Бу йўлни таъмирлаш ҳақида президент Шавкат Мирзиёв 2023-йилда топшириқ берган, ўшанда давлат раҳбари йўлнинг ҳолатини шахсан кўриш учун ўзи автомобил ҳайдаган эди.

Бойсун-Денов йўлининг дастлабки босқичи ишга туширилди.
Сурхондарё вилоятида умумий узунлиги 111 километрни ташкил этувчи Дарбанд-Бойсун-Элбаён автомобил йўлини қуриш ва таъмирлаш лойиҳасининг биринчи босқичи ниҳоясига етди.
Мустақиллик байрами арафасида, 30-август куни лойиҳанинг 5-32,5 километрлик қисми тўлиқ қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу босқич доирасида 7 та кўприк ва тунги ёритиш тизимига эга 8 километр пиёдалар йўлаги ҳам барпо этилди.
Шу муносабат билан лойиҳанинг 7,1-километрида жойлашган йўл ўтказгичда тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, нуронийлар, фаоллар, масъуллар, лойиҳа пудратчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маълум қилинишича, тантанали тадбир ўтказилган кўприкнинг узунлиги 60 метр, эни 15,7 метр, ер сатҳидан баландлиги эса 9 метрни ташкил этади.
Лойиҳани халқаро пудратчи – Озарбайжоннинг “Ланкаран Ёл Тикинти” компанияси амалга оширмоқда. Лойиҳага Осиё тараққиёт банки томонидан маблағ ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2023-йил март ойида Сурхондарёга ташрифи чоғида Бойсун-Денов йўлини реконструксия қилиш бўйича топшириқ берган эди. Ўшанда давлат раҳбари чуқурларга тўла бу йўлнинг ҳолатини шахсан кўриш учун автомобилни ўзи бошқарган эди.

