Маҳаллий

Бойсундаги газ конида аварияни бартараф этиш ишлари бошланди

Бойсун газ конидаги аварияни бартараф этиш ишлари бошланди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) конида авариявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар 15-августдан расман бошланди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” хабар берди.

Президент 2026-йил феврал ойида Сурхондарё вилояти аҳолиси билан учрашувда “Ўзбекнефтгаз” раҳбариятига Бойсун конидаги авариявий ҳолатни бартараф этиш бўйича топшириқ берган эди. Шундан сўнг компания хорижий нефт-газ компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказиб, ҳудудда ўрганишлар олиб борган. Якунда Хитойнинг СНПС компанияси лойиҳага жалб этилган.

Лойиҳа доирасида 2026-йил охиригача Хитойдан 40 дан ортиқ махсус техника ва бурғулаш ускуналари олиб келиниши режалаштирилган. Шунингдек, юқори босимли ва таркибида олтингугурт миқдори юқори бўлган нордон газ шароитида ишлашга мос замонавий техникаларни бошқа ривожланган давлатлардан етказиб бериш ишлари ҳам декабргача давом этади.

2027-йил январидан Бойсун конида бурғулаш ишлари бошланиши, авариявий ҳолатларни бартараф этиш ва конни ёпиш ишлари эса 2027-йил июлигача якунлаш режалаштирилган.

Бойсундаги вазият ҳақида

2024-йил 1-сентябр куни Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М25) конининг 604-қудуғи бурғилаш ишлари олиб борилаётган пайтда портлаб, ёнғин чиққан эди. Кейин атрофга олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган. Кон ҳудудига яқин жойларда яшовчи аҳоли зудлик билан бошқа ҳудудларга кўчирилган.

Орадан ярим ой ўтиб, 17-сентябр куни конда навбатдаги портлаш юз берган. Оқибатда 11 киши жароҳатланган, коннинг 4 ищиси воқеа жойида ҳалок бўлган.

Кейинчалик 2025-йил 27-мартда ва 5-майида ҳам портлашлар кузатилган. Ўтган салкам икки йил давомида конда қатор газ ёниб чиқиш ҳолатлари қайд этилган. Ижтимоий тармоқларда ҳудуд аҳолиси газ ҳидига чидаб бўлмаслиги, бундан одамлар азият чекаётгани, ҳатто касалликлар орттириб олгани ҳақида кўп чиқишлар қилди.

Кейин 2025-йилнинг ноябрида Бойсундаги кондан яна газ сизиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлиги “М-25” конининг 202-сон газ қудуғида аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниш ҳолати кузатилганини, бу ҳолат кондаги геологик жараён натижасида юз берганини маълум қилганди.

2026-йил июнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Абдуғани Сангинов конда газ портлаши ва сизиб чиқиши билан боғлиқ технологик авария 2027-йилнинг биринчи ярмигача бартараф этилишини маълум қилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.