«Бошқа Орбанлар бўлмасин»: ЕИ янги аъзолар учун қаттиқроқ шартлар тайёрламоқда
Еврокомиссия Европа Иттифоқига янги давлатларни қабул қилишни тезлаштириш ва аъзоликдан кейин демократик тамойиллардан чекинишнинг олдини олишга қаратилган таклифларни тайёрлади. Улар орасида янги аъзолар учун 15 йиллик махсус назорат даври ҳам бор: қонун устуворлиги ва асосий қадриятлар бузилса, молиялаштириш ҳамда овоз бериш ҳуқуқи тўхтатилиши мумкин.

«Бошқа Орбанлар бўлмасин»: ЕИ янги аъзолар учун янада қатъийроқ шартлар тайёрламоқда
ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос 6-октабр куни Страсбургда таклифлар пакети ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дастлабки баҳолашлар иттифоқ кенгайишга тайёр эканини кўрсатган, аммо айрим йўналишларда ўзгаришлар зарур.
Еврокомиссиянинг асосий мақсадларидан бири — аъзолик музокараларидаги айрим оралиқ қарорларни қабул қилишни осонлаштириш. Хусусан, музокаралар кластерларини очиш каби масалаларда бир овоздан розилик талабини малакали кўпчилик овози билан алмаштириш таклиф қилинмоқда.
Бу бир давлатнинг ветоси сабаб бутун жараён тўхтаб қолиши мумкин бўлган ҳолатларни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Номзод давлатларга тўлиқ аъзо бўлишидан олдинроқ ҳам кўпроқ имконият бериш режалаштирилган. Белгиланган ислоҳотларни амалга оширган мамлакатлар ЕИнинг айрим дастурлари, фондлари ва соҳавий ҳамкорлигида кенгроқ иштирок этиши мумкин.
Гап, жумладан, энергетика, транспорт, сунъий интеллект, хавфсизлик ва мудофаа соҳалари ҳақида кетмоқда. Кос босқичма-босқич интеграция тўлақонли аъзоликнинг ўрнини босмаслигини, балки унга эришишни тезлаштириши кераклигини таъкидлаган.
Янги аъзолар учун қўшимча ҳимоя механизмлари ҳам таклиф қилинмоқда. Брюссел мамлакатлар иттифоққа кириш учун бажарган демократик талабларидан кейинчалик ортга қайтмаслигини таъминламоқчи.
Таклифга кўра, аъзоликдан кейинги 15 йил давомида асосий демократик қадриятлар ёки самимий ҳамкорлик тамойили бузилса, тегишли давлатнинг ЕИ бюджетидан маблағ олиши ва ҳатто овоз бериш ҳуқуқи тўхтатилиши мумкин.
«Бошқа Виктор Орбанлар бўлмасин», - деган Марта Кос. У амалдаги 7-модда тартибига нисбатан тезкорроқ чора кўриш механизмлари зарурлигини билдирган.
Украинанинг қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам алоҳида шартлар муҳокама қилинмоқда. Еврокомиссия мамлакат аграр секторининг кўлами ва юқори унумдорлиги ЕИ бозорларига таъсир қилиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Шу сабабли айрим сезгир маҳсулот турлари учун махсус механизмлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Кос Европа фермерларини ҳимоя қилиш билан бирга, Украинага учинчи мамлакатлардаги анъанавий экспорт бозорларига қайтишда ёрдам бериш ваъдасини берган. Бу масалалар қишлоқ хўжалигига оид музокаралар доирасида муҳокама қилинади.

