Болаликда тушунилмаган ҳақиқатлар: улғайгач бошқача кўринган мултфилм қаҳрамонлари

Болаликда англанмаган ҳақиқатлар: улғайгач бошқача кўринган мултфилм қаҳрамонлари
Болалигимизда мултфилм қаҳрамонларини шунчаки севимли персонажлар сифатида қабул қилардик. Аммо улғайганимизда, уларнинг ҳикояларида болаликда тушуниш қийин бўлган таниш ҳаётий вазиятларни, мураккаб тақдирларни ва хатти-ҳаракатларни пайқай бошладик.
**Карл Фредриксен, “Тепага”**
Болалигида кўпчилик Карлни вайсақи чол деб биларди, бироқ ёши улғайган сари унинг тарихи бутунлай бошқача намоён бўлади. Ҳаво шарларида осмонга кўтарилган уй Карл учун Элли ва биргаликдаги ҳаётлари билан алоқани сақлаб қолиш воситасига айланади — у гўё ўтмишни ўзи билан олиб кетишга уринади. Жаннат шаршарасига саёҳат эса унга яқин инсони ҳақидаги хотирани сақлаш ўтмишда абадий қолиб кетишни англатмаслигини тушунишга ёрдам беради. Карл ўтмишни қўйиб юборишни, бошқаларга ғамхўрлик қилишни ва ҳақиқий саргузашт эндигина бошланаётганини англаган ҳолда янги ҳаёт бошлашни ўрганади.
**Сквидвард Тентаклс, “Губка Боб”**
Сквидвард — бош қаҳрамоннинг ҳамиша ҳамма нарсадан норози бўлиб, бошқаларнинг кайфиятини бузадиган бадқовоқ саккизоёқ қўшниси. Аммо катта авлод вакиллари унга бутунлай бошқа нигоҳ билан қарайди: кларнетчи бўлишни орзу қилган, бироқ ёқтирмаган ишида, яъни фастфудда қолиб кетган истеъдодли мусиқачи. Қолаверса, ғайрат-шижоати фақат ғашга тегиши мумкин бўлган шўх қўшниси билан бирга ишлашга маҳкум.
**Грю, “Яхши бўлиш осонми?”**
Аввалига Грю минионлар армиясига эга ва Ойни ўғирлашдек ақлдан озган режа тузган шунчаки бир кулгили суперёвуздек туюлади. Аммо бу комедия ҳикояси ортида анча жиддий мавзу яширин: болалигиданоқ унинг орзу-умидлари ва ютуқларини назарга илмаган она ҳамда ҳиссий жиҳатдан ёпиқ бўлиб ўсган ва меҳр кўрсатишни билмайдиган бола. Уч нафар асранди қиз билан учрашув Грюни аста-секин ўзгартиради: у бошқаларга ғамхўрлик қилиши ва уларга болалигида ўзи жуда муҳтож бўлган меҳрни бериши керак бўлади.
**Боб Парр, “Супероила”**
Болаликда биз суперқаҳрамонлар ҳақидаги ёрқин ҳикояни кўрамиз. Улғайгач эса унда бутунлай бошқа нарсани — ўрта ёш инқирозини, турмуш ташвишларини ва ушалмаган умидларнинг оғирлигини сеза бошлаймиз. Боб Парр бир пайтлар суперқаҳрамон эди, энди эса зерикарли идорада ишлайди, бошлиғининг дакки-дашномларига чидайди ва ўзини ҳақиқатан ҳам керакли ҳис қилган дамларни қўмсайди. Болалигимизда у шунчаки костюми тор келиб қолган суперқаҳрамон бўлса, улғайгач эса ўз қадр-қимматини қайта ҳис қилишга жон-жаҳди билан уринаётган одамдир.
**Тай Лунг, “Кунг-фу панда”**
Мултфилмда томошабинларга Тай Лунг сирли хатни қўлга киритиш учун қамоқхонадан қочган ёвуз қор қоплони сифатида таништирилади. Аммо катталар унинг ҳикоясида бутунлай бошқа драмани кўришлари мумкин: Шифу тарбиялаган, ўқитган ва ўз фарзандидек севган, болалигидан бир кун келиб Аждарҳо жангчиси бўлишига ишонтирилган асранди ўғил. Тай Лунгга бу унвон берилмаганида у ишонган ва ҳаётини бағишлаган барча нарса барбод бўлади. Унинг ғазаби нафақат ҳокимиятга ташналик, балки бутун умри давомида ўзи учун энг муҳим бўлган инсоннинг эътирофига эришишга интилган кишининг дарди бўлиб чиқади. Ҳатто ҳақиқий ёвузга айланган бўлса-да, Тай Лунг фожиавий қаҳрамонлигича қолади, чунки унинг шафқацизлиги ортида рўёбга чиқмаган умидлар, ҳафсала пир бўлиши ва чуқур алам ётади.
**Антуан Эго, “Рататуй”**
Аввалига у шунчаки жаҳлдор ва кўнгилни айнитадиган даражада инжиқ ресторан танқидчиси. Аммо унинг филм якунида мукаммал ёзилган тақризидан тўсатдан бутунлай бошқа маъно англашилади: бир пайтлар таомни самимий ва болаларча севган, кейин эса йиллар давомида бу муҳаббат профессионал беписандликка айланган. Бир ликопча рататуй унга унутилган болалик туйғусини қайтарганида Эго бир лаҳзага қаттиққўл танқидчи бўлишдан тўхтаб, таомни самимий яхши кўрадиган одамга айланади.
**Марлин, “Немони излаб”**
Болалигимизда дунёдаги ҳамма нарсадан қўрқадиган ва ўғлининг хурсандчилигига халақит берадиган ҳаддан ташқари ғамхўр масхарабоз балиқ отани кўрамиз. Катталарга, айниқса, ота-оналарга бу хавотир қаердан пайдо бўлгани бирдан тушунарли бўлиб қолади. Марлин бир кечада рафиқаси Корални ва деярли барча увилдириқларини йўқотган, Немо эса ундан қолган ягона ёдгорлик эди. Шундан сўнг ўғлини ҳар қандай хавф-хатардан ҳимоя қилиш истаги унчалик ортиқча туюлмай қолади. Унинг ҳаддан зиёд ғамхўрлиги энди ғашга тегмайди, аксинча, танишлиги билан кишини қўрқита бошлайди: ахир ҳар бир ота-она эртами-кечми, фарзандини катта ва кутилмаган ҳодисаларга тўла дунёга қўйиб юбориш қўрқувига дуч келади.

