Лайфстайл

Болалигида спортчи бўлишни орзу қилган, ҳаёти ҳам кинога ўхшайдиган, Болливуд тарихидаги илк миллиардер Шоҳрух Хон 61 ёшда (фото, видео)

Бир пайтлар ота-онасидан айрилиб, ҳаётини қайтадан қуришга мажбур бўлган, кино оламига деярли ҳеч қандай алоқаси бўлмаган оиладан чиққан йигит бугун дунёнинг энг таниқли кино юлдузларидан бири, йирик бизнес эгаси ва миллиардлаб мухлисларга эга шахсга айланди.

Болалигида спортчи бўлишни орзу қилган, ҳаёти кинога ўхшаб кетадиган, Болливуд тарихидаги илк миллиардер Шоҳрух Хон 61 ёшда (фото, видео)

1965-йил 2-ноябр куни Деҳлида туғилган Шоҳрух Хон бугун 61 ёшини нишонламоқда. У оддийгина ҳинд филмларининг машҳур актёри эмас. Бир вақтлар ота-онасидан айрилиб, ҳаётини қайтадан бошлашга мажбур бўлган, кино оламига деярли алоқаси бўлмаган оиладан чиққан бу йигит бугун дунёнинг энг таниқли кино юлдузларидан бири, йирик бизнес эгаси ва миллиардлаб мухлисларга эга шахсга айланган.

Унинг ҳаётида романтик филмлардагидек муҳаббат, айрилиқ, йўқотиш, муваффақият ва кутилмаган бурилишлар кўп. Гаури билан 35 йилдан бери давом этаётган муҳаббати, ота-онасидан эрта айрилгани, салбий қаҳрамон роллари орқали машҳурликка эришгани, бир неча йил кинодан узоқлашиб, яна катта муваффақият билан қайтгани — буларнинг барчаси Шоҳрух Хон ҳаётининг турли саҳифаларидир.

### Спортчи бўлишни орзу қилган болакай

Шоҳрух Хон Деҳлида оддий, аммо зиёли мусулмон оилада туғилган. Унинг отаси Мир Тож Муҳаммад Хон Пешовардан бўлиб, Ҳиндистон мустақиллиги учун курашган сиёсий фаоллардан бири эди. Онаси Латиф Фотима эса суд тизимида ишлаган. Актёрнинг келиб чиқиши ҳақида сўз борганда, кўпинча унинг отаси томонидан пуштунлар авлодига мансублиги тилга олинади. Шоҳрухнинг ўзи ҳам отасининг илдизлари Пешоварга бориб тақалишини кўп бора таъкидлаган.

У болалигидан фаол, киришимли ва турли машғулотларга қизиқувчан бўлган. Деҳлидаги Ст. Колумба мактабида ўқиган Шоҳрух нафақат дарсларда, балки спорт ва театрда ҳам ўзини кўрсатган.

Ёшлигида у спортга, айниқса хоккей ва футболга қизиққан. Бироқ актёрликка бўлган қизиқиши ҳам аста-секин кучайиб борган. У мактаб саҳналарида чиқиш қилган, турли спектаклларда қатнашган ва ўзини санъат оламида синаб кўрган.

Мактабдан кейин Ҳансраж коллежида иқтисодиёт йўналишида таҳсил олди. 1985–1988-йилларда олган таълими давомида ҳам театр билан шуғулланишни тўхтатмади. Кейинчалик Жамиа Миллиа Исламиа университетида оммавий коммуникациялар йўналишида магистратура босқичини бошлади, аммо актёрлик фаолиятига шўнғиб кетгани сабабли ўқишни якунламади.

Шоҳрух ҳаётидаги энг катта синовлардан бири ота-онасидан эрта айрилгани бўлди. Отаси 1981-йилда саратон касаллигидан вафот этди. Орадан ўн йил ўтиб, 1991-йилда онаси ҳам ҳаётдан кўз юмди. Актёр кейинчалик турли интервюларида ота-онасининг йўқотилиши унинг дунёқараши ва ҳаётга муносабатини тубдан ўзгартирганини айтган.

У учун онаси алоҳида ўрин тутган. Шоҳрух муваффақиятга эришганидан кейин ҳам онаси унинг ёнида бўлишини, филмларини кўришини ва ютуқларидан фахрланишини жуда истаганини яширмаган. Актёр кўпинча ўзининг энг катта армонларидан бири — бугунги муваффақиятларини ота-онасига кўрсата олмаганида эканини таъкидлайди.

### Аввал салбий қаҳрамон, кейин романтик шаҳзода

Шоҳрух Хоннинг актёрлик йўли кўпчилик ўйлагандек кинодан эмас, телевизордан бошланган. 1988-йилда у “Фаужи” сериалида ҳарбий курсант Абҳиманю Рай ролини ижро этди. Сериал унга илк машҳурликни олиб келди. 1992-йилда эса “Девона” филми орқали катта экранда дебют қилди. Филм томошабинларга манзур бўлди ва ёш актёрга илк катта муваффақиятни олиб келди.

Аммо Шоҳрух Хоннинг юлдузлик йўли романтик қаҳрамон образидан бошланмаган. 1993-йилда экранларга чиққан “Фирибгар” ва “Қорқув” филмларида у мураккаб, руҳий жиҳатдан беқарор ва ҳатто хавфли қаҳрамонларни гавдалантирди. Кейинчалик “Тақдир ўйини” филмида ҳам салбий образ яратди.

Ўша пайтда кўплаб актёрлар томошабинларнинг нафратига сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай роллардан қочарди. Шоҳрух эса аксинча, таваккал қилди. Унинг ноодатий танлови ўзини оқлади: у оддий романтик қаҳрамонлардан фарқли равишда, мураккаб характерларни ҳам ишонарли ижро эта олишини намойиш этди.

1995-йил актёр ҳаётида бурилиш ясади. Адитя Чопранинг “Ўғирланмаган келин” филмида Кажол билан бирга бош ролни ижро этди. Раж ва Симран образлари ҳинд киносидаги энг машҳур романтик жуфтликлардан бирига айланди.

Филмнинг муваффақияти оддий хит даражасидан анча юқори бўлди. У Ҳиндистон кино тарихидаги энг узоқ вақт намойиш этилган филмлардан бирига айланди. Мумбайдаги Маратҳа Мандир кинотеатрида 25 йил узлуксиз намойиш қилинди ва Гиннесснинг рекордлар китобига кирди.

Шундан кейин “Девона қалб”, “Ҳаётда ҳамма нарса бўлади”, “Гоҳи шодлик, гоҳи ғам”, “Ўткинчи дунё”, “Мен борман-ку”, “Севишганлар”, “Дон” каби филмлар Шоҳрух Хонни романтик жанрнинг асосий юлдузига айлантирди. Унинг қўлларини икки томонга ёйиб, бошини бироз кўтарган ҳолда туриши эса бутун дунёга танилган имзо позасига айланди.

Бироқ актёр фақат романтик филмлар билан чекланиб қолмади. “Девдас”да фожиали муҳаббат қаҳрамонини, “Ватанга қайтиш”да ватанига қайтган олимни, “Олға, Ҳиндистон”да аёллар хоккей жамоаси мураббийини, “Менинг исмим Хон”да эса аутист эркак образини гавдалантирди.

Айнан шу роллар унинг актёр сифатидаги имкониятлари бир жанр билан чекланмаслигини кўрсатди. У кўплаб Филмфаре мукофотларини қўлга киритди, 2023-йилда эса “Аскар” филмидаги ижроси учун Ҳиндистоннинг Миллий кино мукофотида энг яхши актёр деб топилди.

### 18 ёшда бошланган ва 35 йил давом этаётган муносабат

Шоҳрух Хон ҳаётидаги энг муҳим инсонлардан бири — рафиқаси Гаури Хон. Уларнинг муҳаббат тарихи ҳам ҳинд филмларидаги романтик воқеалардан қолишмайди.

Улар 1984-йилда, Шоҳрух 18 ёшида, умумий дўстларининг базмида танишган. Ёш йигит Гаурини биринчи кўришдаёқ ёқтириб қолади. Аммо қизнинг ёнида бошқа йигит бор деб ўйлаб, унга яқинлашишга журъат этмайди. Кейинчалик маълум бўлишича, Гаури аслида укасини кутаётган бўлган.

Шоҳрух ўзида журъат топиб, уни рақсга таклиф қилганида эса Гаури рад жавобини беради. Шунга қарамай, йигит ундан воз кечмайди.

Бироқ Шоҳрухнинг рашкчи табиати муносабатларига бир муддат салбий таъсир кўрсатади. У Гаурининг бошқа йигитлар билан мулоқот қилишини ёқтирмас, ҳатто унинг ташқи кўринишига ҳам аралашарди. Охир-оқибат Гаури бундай муносабатлардан чарчаб, Мумбайга кетишга қарор қилади.

Севгилисини йўқотишдан қўрққан Шоҳрух уни излаб йўлга тушади. Актёр кейинчалик бир интервюсида Гаурини дўстлари билан бутун шаҳар бўйлаб қидирганини ва ниҳоят соҳилда топганини эслаган. Улар учрашганида ҳис-туйғуларига эрк бериб, бир-бирларини қучоқлаб йиғлашади. Шу воқеадан кейин муносабатларини давом эттиришга қарор қилишади.

Уларнинг севгисидаги энг катта тўсиқлардан бири дин ва оилаларнинг қарашлари эди. Гаури ҳинд оиласида вояга етган, Шоҳрух эса мусулмон эди. Бундан ташқари, ўша пайтда Шоҳрух ҳали машҳур актёр эмас, келажаги ноаниқ ёш йигит бўлган. Гаурининг ота-онаси қизининг актёр бўлишни истаётган бошқа дин вакилига турмушга чиқишига дастлаб қаршилик кўрсатган.

Қизиғи, Гаури кейинчалик бир интервюсида ота-онасини тинчлантириш мақсадида Шоҳрухнинг исмини ҳазил тариқасида Абҳинавга ўзгартиришганини айтган. Бу уриниш жиддий ечим бўлмаган, албатта, аммо ёш жуфтлик ўз севгисини сақлаб қолиш учун қандай йўлларни излаганини кўрсатади.

Ниҳоят, 1991-йил 25-октябрда Шоҳрух ва Гаури турмуш қурди. Уларнинг никоҳи ҳинд ва мусулмон анъаналарини ўзида мужассам этган маросимлар билан нишонланди.

Бугун уларнинг оиласи уч нафар фарзанддан иборат: 1997-йилда туғилган Арян, 2000-йилда дунёга келган Суҳана ва 2013-йилда туғилган АбРам. Гаури Хон эса нафақат машҳур актёрнинг рафиқаси, балки таниқли интерьер дизайнери, тадбиркор ва продюсер сифатида ҳам ўз ўрнига эга.

Уларнинг оиласида икки дин анъаналарига ҳурмат билан қаралади. Шоҳрухнинг айтишича, фарзандларига дин борасида танловни мажбуран юклашни истамаган. У бир сафар болаларининг дини ҳақида сўрашганида, уларни аввало ҳиндистонлик деб билишини айтган.

Шоҳрух Хон омма олдида қанчалик очиқкўнгил ва ҳазилкаш кўринса, оилавий ҳаётида шунчалик эҳтиёткор. У фарзандларининг машҳурлик соясида қолиб кетмаслиги ва ўз йўлини мустақил танлашини истайди.

### Беш йиллик танаффус ва кутилмаган қайтиш

Шоҳрух Хон фаолиятида муваффақияцизликлар ҳам бўлган. 2010-йилларнинг иккинчи ярмида унинг айрим филмлари кутилган натижани бермади. “Мухлис”, “Гарри Сежални учратганда” ва “Зеро” каби лойиҳалар актёрнинг аввалги кассабоп филмлари даражасига чиқа олмади.

2018-йилда “Зеро” филми намойиш этилганидан кейин у бир муддат бош роллардан узоқлашди. Бу даврда актёр ўз оиласига, бизнесига ва янги лойиҳаларни танлашга кўпроқ вақт ажратди. Айнан шу даврда, 2022-йилда актёр умра амалларини ҳам адо этди.

Мухлислар унинг катта экранга қайтишини узоқ кутди. Ниҳоят, 2023-йилда “Патҳан” филми билан Шоҳрух Хон яна кинотеатрларни забт этди. Ундан кейин намойиш этилган “Аскар” ҳам катта тижорий муваффақиятга эришди. Йил охирида Ражкумар Ҳиранининг “Дунки” филми экранларга чиқди.

Айниқса, “Патҳан” ва “Аскар” филмлари актёрнинг ҳануз катта аудиторияни кинотеатрларга жалб қила олишини исботлади. Улар нафақат Ҳиндистонда, балки халқаро бозорда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Шоҳрух Хоннинг 2026-йилдаги энг катта лойиҳаси — “Қирол” филми. Режиссёр Сиддҳартҳ Ананд суратга олаётган ушбу картина актёрнинг катта экранларга қайтишидаги навбатдаги муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.

Филмда Шоҳрух Хон билан бирга унинг қизи Суҳана Хон, Дипика Падуконе, Абҳишек Баччан ва Рани Мукержи ҳам иштирок этади. Бу лойиҳа, айниқса, ота-қизнинг биринчи катта экран ҳамкорлиги сифатида қизиқиш уйғотмоқда.

Филмнинг расмий намойиш санаси 2026-йил 24-декабр этиб белгиланган. Шу тариқа “Кинг” ҳали экранларга чиқмасидан туриб, йилнинг энг кўп кутилаётган ҳинд филмларидан бирига айланди.

Бир пайтлар Деҳлидаги театр саҳнасида ўзини синаб кўрган йигит энди жаҳон киносининг энг таниқли юлдузларидан бири. Унинг филмлари турли мамлакатларда, турли тилларда ва турли авлод вакиллари томонидан томоша қилинади. Раж ва Симраннинг муҳаббати, Ризван Хоннинг тақдири, Кабир Хоннинг қатъияти ёки “Аскар”даги қаҳрамонлиги — буларнинг барчаси актёр ижодининг турли қирраларини намоён этади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.