Болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди
«Адолат» СДП фраксияси ташаббуси билан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди. Ташаббус ўзбекистонликларни ларзага солган мудҳиш жиноят - 5 ёшли қизнинг боғчада зўрланиши билан боғлиқ.

Болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига тақдим этилди
«Адолат» СДП фраксияси ташаббуси билан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг йиғилишида мазкур қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди, шунингдек, палатанинг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси ушбу қонун лойиҳасига масъул этиб белгиланди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кескин кучайтиришга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Қонун лойиҳаси 29-сентабр куни ўтказиладиган қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Ўзбекистонда болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик учун жазони кучайтиришга чақириқлар Наманган вилоятидаги мудҳиш жиноят фош этилганидан сўнг янграй бошлади.
23-сентабр куни Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида хабар берилди. Боланинг яқинларига кўра, у боғчанинг 52 ёшли хўжалик ишлари бўлими мудири томонидан бир неча бор зўравонликка учраган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинди.
26-сентабр куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги воқеани ўрганиш учун ищи гуруҳ тузилганини, дахлдор деб топилган боғча ходимлари билан меҳнат шартномалари бекор қилинганини маълум қилди.
Болалар омбудсмани вазирликка тақдимнома киритиб, масъулларнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш, воқеага имкон берган сабабларни бартараф этиш, боғчаларда болалар хавфсизлиги ва ички назорат механизмларини кучайтиришни сўради.

