Маҳаллий

Наманганда жинсий зўравонликка учраган боғча боласи ҳақида тасдиқланмаган хабарларни тарқатмаслик сўралди

Наманганда жинсий зўравонликка учраган боғча боласи ҳақидаги тасдиқланмаган хабарларни тарқатмаслик сўралди

“Мазкур жиноят иши вояга етмаган шахсга ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматига оид экани боис, бу ҳолат ҳақида ҳар қандай тасдиқланмаган хабарларни тарқатиш боланинг манфаатига зид бўлиб, унинг ҳуқуқларига путур етказади”, дейилади Болалар омбудсмани хабарида.

Болага нисбатан содир этилган мазкур жинсий зўравонлик ҳолати бўйича Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан 12-сентябр куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) ва 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) асосида жиноят иши қўзғатилган. Бундай қилмиш учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

“Бундай тоифа жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазо ўташ билан боғлиқ ҳеч бир енгиллик қўлланилмайди”, дейилади хабарда.

Шу куннинг ўзида жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахс К.М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда ушбу жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя агентлиги маълумотига кўра, ҳудуднинг “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари томонидан вояга етмаган жабрланувчига зудлик билан зарур психологик, тиббий, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган, ҳозир эса болага ва унинг оиласига кўмак бериш жараёни давом этмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.