БМТ қаршисида намойишлар давом этмоқда
Шу ҳафта бутун дунёдан президент ва сиёсатчилар БМТ олий минбарида нутқ сўзларкан, ташкилотнинг Ню Ёркдаги бош қароргоҳи олдида намойишлар ўтказилди. Кун.узънинг АҚШдаги мухбирига кўра, йиғилганлар минглаб ва улар асосан Исроилга қарши. Айниқса Нетаняҳу сўзга чиққан куни намойишлар янада шиддатлироқ авж олган.

БМТ қаршисида намойишлар давом этмоқда
БМТнинг Ню-Ёркдаги бош қароргоҳига олиб борувчи кўчалар тадбир бошланишидан олдин омма учун тўлиқ ёпилди. Ҳатто кўприк, туннел ва жамоат транспорти ҳам ҳаракатланмади. Тадбирга фақат рухсатномаси борлар кириб-чиқиш ҳуқуқига эга бўлди. Қароргоҳ рўпарасидаги кўчада эса минглаб одамлар беш кундан бери норозилик намойишларини ўтказмоқда. Улар асосан Исроилга қарши чиқиб, Нетаняҳуни қораламоқда.
Айнан шу куни йиғилганлар сони янада кўпроқ эди. Улар «Нетаняҳуга ўлим», «Кимдир уни тўхтацин», «Мусулмонлар қирғини», «Болалар қассоби» деган ёзувларни кўтариб олганди. Шунингдек, Нетаняҳуга қўшиб Трамп ҳам кескин қораланди.
Намойишлар фақат Исроилга қарши эмас, Хитой ва Эронга ҳам қарши эди. Тўпланганлар Хитойдаги коммунистик ва ҳозирги Эрондаги тузумларни чеклашни талаб қилиб чиқишган.
Кўпчилик Фаластин давлатчилиги ва Исроилнинг Фаластинга зўравонлигини қоралаб, озод Фаластин давлатини тузишни сўради. Уларнинг қўлида ёзувлар ва Фаластин байроқлари бор эди.
Намойишларнинг тинч ўтишини таъминлаш учун Ню-Ёрк полициясининг кўп сонли ходимлари қўриқлаб туришди.

