“Бизнинг армиямиз ўтган асрда қолиб кетган”. Тўқаев Қозоғистонда ҳарбий ислоҳотлар ўтказишга буйруқ берди
Қозоғистон Мудофаа вазирлигидаги ишлар ҳолатини комплекс текшириш бошланди. Тўқаев унвон ва лавозимлар жавобгарликдан озод этиш учун асос бўла олмаслигини таъкидлади.

“Бизнинг армиямиз ўтган асрда қолиб кетган”. Тўқаев Қозоғистонда ҳарбий ислоҳотлар ўтказишга буйруқ берди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мудофаа тизими раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
У Каспий денгизидаги машғулотлар чоғида 14 нафар ҳарбийнинг ҳалок бўлишини офицерлар, жумладан генералларнинг касбий малакасизлиги натижаси деб баҳолади.
“Армиядаги эскидан қолган муаммолар раҳбарият томонидан ҳал этилмаяпти, бу эса мамлакат мудофаа қобилиятига путур етказмоқда. Ўтмишдаги фожиалардан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган. Бу ўқув машғулотларининг ғоясини ким ишлаб чиққан ва тасдиқлаган? Бош штабнинг роли ва мувофиқлаштириши қандай бўлган? Нега машғулотларда ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони бўлмаган? Масъулияцизлик, бепарволик, кўз-кўз қилиш одатий ҳолга айланган. Тизимли иш йўқ, инқирозли вазиятларга жавоб қайтариш режалари ҳеч қандай танқидга дош бермайди. Буларнинг барчаси ҳарбий идора раҳбариятининг бефарқлиги оқибатидир”, – деди у.
Президент машғулотлар вақтида ҳарбий хизматчилар зарур жиҳозлар, жумладан, денгизда қутқарув жилетлари билан таъминланмаганини ҳам қайд этди.
Қозоғистон раҳбарининг фикрича, ҳукумат комиссияси машғулотларни тайёрлаш ва ўтказиш, таъминот ҳамда хавфсизлик чораларига риоя этилиши учун жавобгар бўлган барча мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини баҳолаши керак.
Бундан ташқари, президент фармойишига биноан, Мудофаа вазирлигидаги вазиятни комплекс текшириш бошланди.
У унвон ва лавозимлар жавобгарликдан озод қилмайди, деб таъкидлади.
“Бу фожиа армиядаги кўплаб камчиликлар ва касбий маҳоратининг етишмаслигини яққол кўрсатди. Ҳарбий ислоҳотларни тубдан амалга ошириш вақти келди. Бу кечиктириб бўлмайдиган вазифа. Шу сабабли кадрлар бўйича ўзгаришларни амалга оширдим”, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.
У мудофаа идораси фаолиятини чуқур трансформация қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
“Яқинда Хавфсизлик кенгаши аппарати билан ўтказилган йиғилишда ҳарбий соҳадаги ишларнинг устувор йўналишларини белгилаб бердим. Бизнинг армиямиз ўтган асрда қолиб кетган. Айни пайтда қўмондонлик тизимини илғор халқаро тажриба асосида тўлиқ қайта қуриш зарур. Комплекс ёндашув керак, бунинг учун эса аниқ тасаввурга эга бўлиш лозим. Бундай тасаввурга фақат кенг дунёқарашли, билимли офицерлар эга бўлади. Ислоҳотнинг мақсади – янги намунадаги армияни шакллантириш”, – деди Қозоғистон президенти.

