Бир гектардан 60-70 сентнер: Президент Шинжон усулида пахта етиштиришни кўздан кечирди
Анъанавий усулда бир гектар майдондан ўртача 30-35 сентнер пахта олинса, Шинжон технологиясида ушбу кўрсаткич 60-70

Бир гектардан 60-70 сентнер: Президент Шинжон усулида пахта етиштиришни кўздан кечирди
Президент Шавкат Мирзиёев «Агрокластер Олтинкўл» корхонасида Шинжон усули асосида пахта етиштириш жараёни билан танишди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш ҳамда илмий ишланмалар ва ёндашувларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025-йил 9-декабрдаги пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни оширишга оид қарори бу йўналишдаги ишларни кенгайтириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Пахтачиликда Шинжон усулидан фойдаланиш ҳосилдорликни сезиларли ошириш билан бирга сув, ўғит ва бошқа ресурсларни тежаш, ғўзани парваришлаш харажатларини камайтириш имконини бермоқда.
«Агрокластер Олтинкўл» корхонасининг жами экин майдони 850 гектарни ташкил этади. Шундан 23 гектарида Шинжон усули асосида пахта етиштириш йўлга қўйилган.
Шинжон технологиясида чигит плёнка остига қўш қаторлаб экилади. Бу тупроқ намлиги ва ҳароратини барқарор сақлашга, чигитнинг эрта ва бир текис униб чиқишига хизмат қилади.
Томчилатиб суғориш ва озиқлантириш тизими орқали сув ҳамда ўғит бевосита ғўза илдизига етказилади. Натижада ортиқча сарфнинг олди олиниб, сув 40 фоизгача, ўғит эса қарийб 30 фоизга тежалади.
Анъанавий усулда бир гектар майдондан ўртача 30-35 сентнер пахта олинадиган бўлса, Шинжон технологиясида бу кўрсаткич 60-70 сентнерга етади. Плёнка остида шаклланган қулай микроиқлим туфайли ҳосилни анъанавий майдонларга нисбатан 10-15 кун эртароқ йиғиб олиш мумкин.
Корхонада агротехник тадбирларнинг асосий қисми агродронлар ёрдамида бажарилмоқда. Бу махсус техникалардан фойдаланиш эҳтиёжини ва ёқилғи сарфини кескин камайтирмоқда.
Давлатимиз раҳбарига лойиҳанинг натижалари, иқтисодий самарадорлиги ва мазкур технологияни янада кенгайтириш режалари ҳақида маълумот берилди.

