«Билмаган эдим» дейиш жавобгарликдан озод қилмайди
Қоракўлда 20 ёшли фуқаронинг телефонидан диний мазмундаги тақиқланган материаллар топилди, суд унга 2 миллион 60

«Билмаган эдим» деган гап жавобгарликдан озод этмайди
Қоракўлда бир фуқаронинг телефонидан диний мазмундаги тақиқланган материаллар аниқлангани ортидан унга нисбатан маъмурий иш очилди. Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузарга 2 миллион 60 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.
Қоракўл тумани ИИБ ТҚБ ТҚКГ масъул ходими «Xabar.uz»га билдирганидек, келиб тушган мурожаат асосида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир чоғида туманнинг «Мирзақалъа» маҳалласида яшовчи 20 ёшли фуқаро О.S.ning қўл телефонида шубҳали файллар борлиги маълум бўлган. Ушбу материаллар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасига юборилган.
Экспертиза хулосасида файллар диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартибига доир қонунчилик талабларига зид равишда, тегишли рухсациз сақлаб келингани қайд этилган.
Ҳуқуқбузарликка алоқадор ашёвий далил сифатида иПҳоне 14 Про смартфони давлат фойдасига мусодара қилиш учун олиб қўйилди.
Суд мажлисида фуқаро О.С. қилмишидан чин дилдан пушаймон эканини айтиб, бундай маълумотларни сақлаш тақиқланганини билмаганини билдирган, айбига иқрор бўлиб, енгиллик сўраган.
Суд тақдим этилган баённомалар, эксперт хулосалари ва далилларни батафсил кўриб чиқди. Ҳуқуқбузарнинг ёшлиги, илгари бундай ишга қўл урмагани ҳамда оилавий шароити инобатга олинди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184²-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) қўлланилди.
Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, маъмурий жарима қонунда белгиланган энг кам миқдордан ҳам пастроқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 2 миллион 60 минг сўм этиб белгиланди.
— «Билмаган эдим» деган важ ҳеч кимни жавобгарликдан қутқармайди. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда турли аудио, видео файлларни юбориш, қабул қилиш ёки телефон хотирасига юклаб олиш оддий ҳолга айланди. Бироқ ҳар қандай маълумотни текширмасдан кўчириб олиш ва сақлаш оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, диний мазмундаги материалларга нисбатан қонунчилик талабларини билиш, уларнинг қонунийлигига эътибор бериш ва рухсат талаб этиладиган ҳолатларга бепарво бўлмаслик жуда муҳим», — деди Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди тергов судяси Дилмурод Қуллиев.

