Айрим корхоналар учун кундузи электр энергияси арзонлашади
Янги тартибга кўра, кундузги соатларда электр энергияси нархи базавий тарифдан 1,5 баравар арзон бўлади. Тунги

Айрим корхоналар учун кундузги электр энергияси арзонлашади
И тариф гуруҳига кирувчи йирик истеъмолчилар учун электр энергияси тарифларини сутка даври бўйича ҳисоблаш тартиби ўзгартирилади. Янги тартибга кўра, кундузги соатларда электр энергияси нархи базавий тарифдан 1,5 баравар арзон бўлади.
Хусусан, соат 09:00 дан 17:00 гача бўлган ярим тиғиз даврда камайтирувчи коеффициент қўлланилади. Натижада амалдаги 1 кВт⋅соат учун 1100 сўмлик тариф ўрнига 733 сўм тўланади.
Тунги даврда, яъни соат 22:00 дан 06:00 гача эса базавий тариф амал қилади.
Ўзгаришлар кундузги вақтда қуёш ва шамол электр стансияларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми юқори бўлиши билан боғлиқ. Йирик истеъмолчиларнинг шу даврда электр энергиясидан фойдаланишини рағбатлантириш орқали қайта тикланувчи энергия манбаларидан самаралироқ фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Кечки ва тунги вақтларда қуёш электр стансияларида ишлаб чиқариш камайгани сабабли электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қоплашда иссиқлик электр стансияларининг улуши ортади. Бу эса табиий газ сарфини кўпайтиради. Кундузги истеъмолни ошириш орқали газга бўлган эҳтиёжни камайтириш ва тежалган ресурсларни аҳоли ҳамда бошқа истеъмолчилар эҳтиёжларига йўналтириш имконияти яратилади.
Янги тартиб тадбиркорлик субьектларига кундузги вақтда электр энергиясидан қулайроқ шартларда фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва фаолиятини кенгайтириш имконини беради. Бу янги лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, И тариф гуруҳига асосий ва захира электр таъминоти учун уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган йирик истеъмолчилар киради.

