Ўзбекистонда йирик истеъмолчилар учун электр энергияси тарифлари қайта кўриб чиқилиши мумкин

Ўзбекистонда йирик истеъмолчилар учун электр энергияси тарифлари қайта кўриб чиқилиши мумкин. Энергетика вазирлиги ахборот хизмати “Спот”га маълум қилишича, йирик истеъмолчилар учун электр энергиясининг вақт зоналари бўйича дифференсиал тарифларини қайта кўриб чиқиш масаласи ўрганилмоқда.
Бунга қайта тикланувчи энергия манбаларининг, хусусан, кундузги вақтда қуёш электр стансияларида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажмининг сезиларли даражада ошгани сабаб бўлмоқда.
Ҳозирги тарифлар айрим корхоналарни электр энергияси нисбатан арзон бўлган тунги соатларда кўпроқ энергия истеъмол қилишга ундамоқда. Вазирлик эса ишлаб чиқариш жараёнларининг бир қисмини кундузги соатларга кўчиришни рағбатлантирувчи тариф механизмларини кўриб чиқмоқда.
Таъкидланишича, бундай ёндашув корхоналарга иш жараёнларини электр энергияси учун мақбул вақтга мослаштириш, энергетика тизимига эса кундузги пайтда ишлаб чиқарилаётган қайта тикланувчи энергия манбаларидан самаралироқ фойдаланиш имконини беради.
Шунингдек, белгиланган базавий тарифга вақт зоналари бўйича қўлланадиган оширувчи ва камайтирувчи коеффициентлар нисбатини қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам ўрганилмоқда.
Ҳозирча янги тарифларнинг аниқ параметрлари белгиланмаган. Улар муҳокамалар якунларига кўра ўзгариши мумкин.
Август ойи бошида Ўзбекистонда энергетика соҳасида давлат тарифларини тартибга солишнинг янги тизими жорий этилгани ҳақида хабар берилганди. Янги тартиб доирасида электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва етказиб бериш, шунингдек, табиий газни транспортировка қилиш ҳамда газ таъминоти хизматлари бўйича тартибга солинадиган тарифлар тасдиқланган.
Мазкур тарифлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланган. Улар 2026-йил 1-августдан энергетика соҳасидаги тартибга солинадиган ташкилотлар ўртасидаги ҳисоб-китобларда қўлланади.

