Автомобилсозлик, туризм ва 8 млрд долларлик дастур: президент Жанубий Корея компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди

**Автомобилсозлик, туризм ва 8 млрд долларлик дастур: президент Жанубий Корея компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди**
Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Лотте Гроуп, Экспорт-импорт банки, Ҳюндаи Мотор Гроуп, Киа Моторс ва Ҳюндаи Ротем компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон етакчиси Лотте Гроуп раиси Шин Дон Бин билан учрашувда компания Кореянинг мамлакатдаги энг йирик инвесторларидан бири экани, кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани таъкидланди.
Устюрт газ-кимё мажмуаси муваффақиятли фаолият юритаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистонда Кореянинг илғор технологиялари асосида девелоперлик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳамда мис фолгаси ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Президент компаниянинг мамлакатдаги туризм марказларини бошқариш ва меҳмонхона бизнесида хизматлар сифатини ошириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.
Якунда икки томонлама лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиб бориш мақсадида ищи гуруҳ тузиш юзасидан келишувга эришилди.
Корея Экспорт-импорт банки раиси Хван Ки Ён билан учрашувда эса Геология ва минерал ресурслар институти президенти Квон И Гюн ва Материалшунослик институти директори ўринбосари Бум Сун Ким ҳам иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш, фармацевтика, муҳим материаллар, таълим ва транспорт соҳаларида банк ва унинг жамғармалари билан кўп йиллар самарали ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Давлат раҳбари ҳамкорлик бўйича 8 млрд долларлик янги дастур имзоланишини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларни етказиб бериш, Биомарказ ташкил этиш, муҳим минералларни қайта ишлаш ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Оролбўйи ҳудудида Хотин-қизлар тадбиркорлиги марказини очиш ҳамда Тошкент—Самарқанд йўналишида янги темирйўл қурилиши лойиҳасига Кореянинг молия институтлари ва компанияларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар стратегик муҳим минераллар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича қўшма жамғарма ишга туширилганини мамнуният билан қайд этди.
Яримўтказгичлар ва янги материалларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш марказини ташкил этиш масаласини ўрганиш таклиф этилди.
Ушбу лойиҳаларда Корея Геология ва минерал ресурслар институти ҳамда Корея Нодир металлар институтининг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон президентининг Ҳюндаи Мотор Гроуп стратегия бўйича президенти Ким Сонг, Киа Моторс катта вице-президенти Чо Санг Ун ва Ҳюндаи Ротем директорлар кенгаши раиси Ли Ёнг Бе билан учрашув ўтказди.
Компаниялар гуруҳининг Ўзбекистонда автомобил ва транспорт соҳаларини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди.
Жиззахда ташкил этилган автомобил кластерида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва автомобил бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш даражасини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Киа автомобилларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжири йўлга қўйилаётгани ва экспорт ҳажми ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Янги русумдаги автомобиллар ишлаб чиқаришни бошлаш ва пресслаш сехини ишга тушириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, электр ва гибрид автомобиллар йиғишни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Юқори тезликда ҳаракатланувчи Ҳюндаи Ротем поездлари Тошкент—Хива йўналишида қатнай бошлади ва йўл вақтини икки баробар қисқартирди. Компания томонидан қўшимча поездларни етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатда Ҳюндаи Ротем сервис марказини ташкил этиш, бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда электр двигателлари учун магнитлар ишлаб чиқариш масаласини ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.

