Маҳаллий

Ўзбекистон ва Жанубий Корея темирйўл эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон ва Жанубий Корея темир йўл эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш масаласини муҳокама қилди.

10-август куни Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Илҳом Абдугафаров Ўзбекистон–Корея бизнес давра суҳбати доирасида Жанубий Кореянинг Сампё Раилвай Со., Лтд. компанияси президенти Ю Хи Чул билан учрашди.

Учрашувда темир йўл транспорти учун зарур бўлган эҳтиёт қисмларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, мамлакатда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларда белгиланган талаблар ҳамда стандартларни ўрганиш жараёнига Жанубий Кореянинг малакали мутахассисларини жалб этиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш ва аниқ чора-тадбирларни белгилаш бўйича келишиб олдилар. Қайд этилишича, ҳамкорлик темир йўл соҳасида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги транспорт соҳасидаги амалий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сампё Раилвай Со. Жанубий Кореянинг темир йўл инфратузилмаси учун эҳтиёт қисмлар, темир-бетон шпаллар, релслар ва стрелкали ўтказгичлар ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларидан бири ҳисобланади.

Аввалроқ Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Хитой давлат темирйўллари” корпорацияси бошқаруви аъзоси, раис ўринбосари Ван Сзинси билан учрашиб, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасининг амалга оширилиши ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди. Транспорт вазирлиги хабарига кўра, музокаралар давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги транспорт соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасининг бориши кўриб чиқилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.