Автобусларда йўл ҳақи тўланганлигини текшириш вақтида валидаторларни блоклашга қарор қилинди
Тошкент автобусларида йўл ҳақи тўланишини назорат қилувчилар энди йўловчилар орасида тўлов амалга оширилганлигини текшириш вақтида валидаторларни блоклаб қўйишлари мумкин. «Баҳоналар энди ўтмайди», — деб баёнот берди «Тошшаҳартрансхизмат». Йўловчилар эса киришда, айниқса, салон тўла бўлганда, тезкор тўлов қилиш қийинлигини таъкидламоқдалар.

Автобусларда йўл ҳақи тўланганини текшириш вақтида валидаторларни блоклашга қарор қилинди
Тошкент автобусларида йўл ҳақи тўланишини назорат қилувчилар 2 октябрдан бошлаб текширув вақтида валидаторларни — йўл ҳақини тўлаш ва рўйхатдан ўтказиш қурилмаларини блоклаш имкониятига эга бўладилар. Агар йўл ҳақи тўланмаган ёки киришда рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, йўловчилар жаримага тортилади.
«„Инспекторни кўрсам — тўлайман“ ёки „Бекатгача етиб борганда тўлайман“ каби баҳоналар энди ўтмайди», — дейилади компания роликида.
1 сентябрдан бошлаб брутто-контракт тизимида ишлайдиган йўналишлардаги автобус йўловчилари йўл ҳақини киришда тўлашлари шарт. Акс ҳолда, йўловчи чиптасиз ҳисобланади, дейилади Ўзбекистон ҳукуматининг июнь ойидаги қарорида. Чиптасиз юрганлик учун жарима айни пайтда 44 минг сўмни ташкил этади.
«Тошкент йўловчи ташиш транспорти ҳаракатини мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси директори ўринбосари Абдувоҳид Худойбердиевнинг маълум қилишича, назоратни кучайтиришдан мақсад — қарорда кўзда тутилган йўл ҳақини тўлаш тартибини «мустаҳкамлаш»дир.
Пойтахтда йўл ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими 2020 йил бошидан жорий этилган эди. 2025 йил 1 январдан шаҳар жамоат транспорти тўлиқ нақд пулсиз тўловга ўтди. Шу билан бирга, кондукторлар қисқартирилди. Улар нафақат нақд пул қабул қилишарди, балки жаҳон амалиётида кам кузатиладиган ҳолат сифатида, йўловчилардан карталарни олиб, ўзлари валидаторга теккизишарди.
Кўпгина йўловчилар йўл ҳақини чиқишда тўлашга ўрганиб қолган ва ҳозиргача шундай қилишда давом этмоқда. Мухбирларимиз суҳбатлашган айрим йўловчилар, автобусларда бу ҳақда вақти-вақти билан эълонлар янграб турса-да, янги қоидалардан хабардор эмасликларини тан олишди.
«Газета» суҳбатлашган аҳоли вакиллари, айниқса салон гавжум бўлганда ёки автобусга кўп одам чиқишга ҳаракат қилаётганда, кирибоқ тўлов қилиш қийин бўлишини таъкидламоқдалар. Автобусларга чиқиш ва тушиш барча эшиклар орқали амалга оширилишига рухсат берилган (айрим ҳудудларда — фақат олд эшик орқали).
QR-код орқали ҳам тезкор тўлов қилиш осон эмас: телефонда иловани очиш ва камерани валидаторга қаратиш керак. Натижада, киришда йўл ҳақини тўлашга улгурмай, салон ичкарисига ўтиб кетиш мумкин.
«Биринчи навбатда йўл ҳақини тўламайдиганлар билан курашиш керак, тўлайдиган, лекин киришда улгурмаганлар билан эмас», — деди автобуслардан мунтазам фойдаланувчилардан бири.

