Эслатма: Эртадан Тошкент автобусларида йўлкирани чиқиш биланоқ тўлаш керак бўлади. Чипта чеки автобус ичида ҳам текширилади
1-сентабрдан Тошкентдаги жамоат автобусларида йўловчилар йўл ҳақини сафар бошидаёқ тўлаши шарт. Назоратчилар энди автобус ичида ҳам йўлкирани тўлаш бўйича мониторинг олиб боради, шу пайтгача улар бекатларда текширув ўтказган. Автобусда чиптасиз юрганлик учун жарима миқдори ҳам ошиши кутилмоқда.

Эртадан бошлаб Тошкент автобусларида йўлкира ҳақини автобусга чиққан заҳоти тўлаш мажбурий бўлади. Шунингдек, чипта чеки автобус ичида ҳам текширилади.
1-сентабрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги брутто-шартнома асосида ишлайдиган автобуслардан фойдаланувчилар учун йўлкира ҳақини автобусга чиқиши биланоқ тўлаш мажбурий қилиб белгиланди.
Бу тартиб бўйича "Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш" давлат муассасаси "Газета"га изоҳ берди. Шу пайтгача электрон чипта пулини сафар охиригача, яъни автобусдан тушишдан олдин тўлаш мумкин эди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 3-июндаги қарорига асосан, йўловчи йўлкира ҳақини валидаторлар билан жиҳозланган автобусга чиқиш вақтида транспорт картаси, банк картаси, смартфон ва бошқа контакциз электрон тўлов турлари (НФС, ҚР, Биометрис, БЛЕ, УВБ) ёки ижтимоий/транспорт картасини валидаторга текизган ҳолда тўлайди.
Агар йўлкира ҳақи ушбу бандда назарда тутилган усуллар орқали автобусга чиқиш вақтида тўланмаса (тасдиқланмаса), у автобусда чиптасиз юрган деб ҳисобланади.
Муассаса раҳбарияти бу тартиб аввал ҳам мавжуд бўлганини, Вазирлар Маҳкамасининг 2003-йил 4-ноябрдаги 482-сонли қарорида йўл карточкаси ёхуд автобусда юриш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлган йўловчи уни автобусга чиқиш вақтида кўрсатиши шартлиги белгиланганини эслатди.
Бироқ шу вақтгача буни назорат қилиш имкони чекланган тартибда бажариларди, эндиликда назоратчиларнинг мониторинг ҳаракати кенгаймоқда, дейилади тушунтиришда.
Таъкидланишича, бу тизим орқали йўналишлардаги йўловчи оқими ҳар бир бекат ва вақт кесимида аниқ таҳлил қилинади. Бу орқали йўналишлар ишини режалаштириш ва ривожлантириш имкони бўлади. Шунингдек, йўл ҳақи тўлови бўйича йўловчи ва назоратчи ўртасидаги турли тушунмовчиликлар ва баҳсли ҳолатларнинг олди олинади, дея тушунтириш берди муассаса раҳбарияти.
Пойтахтда автобуслар бекатга келиб тўхтаганда, йўловчиларни тушириш ва қабул қилиш учун барча эшиклар очилади.
Бу ҳолатда йўловчилар автобусга чиқиши билан картасини валидаторга текизишни унутмаслиги керак. Сентабр ойидан бошлаб йўл ҳақи тўловини мониторинг қилувчи назоратчилар автобус салонида ҳам йўловчилардан йўлкира чекини кўрсатишни талаб қилиши мумкин. Шу пайтгача улар фақат бекатларда туриб, автобусдан тушган йўловчиларни текшириш ҳуқуқига эга эди.
Автобусда назоратчининг текшируви давомида йўловчи тўловни амалга оширганини тасдиқлай олмаса, бу ҳолат унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштиришга асос бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига асосан мазкур ҳолатда жарима миқдори БҲМнинг ўндан бир қисмига тенг бўлади (1-сентабрдан 44 минг сўм).
Чиптасиз юрганларга қарши рейдлар 2025-йил 14-мартдан кучайтирилган.
2026-йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан жами 82 055 та, умумий ҳисобда эса 104 557 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима солиш бўйича қарорлар чиқарилган. Ушбу қарорлар асосида ҳуқуқбузарлардан жами 2,038 млрд сўмлик жарима пуллари ундирилган.
Олиб борилган таҳлилларга кўра, маъмурий баённомаларнинг 76 371 таси ёки 93 фоизи 16−30 ёш тоифасига мансуб йўловчиларга нисбатан тузилган. Бундан:
* 57 850 таси ёки 70,5 фоизи 18−30 ёш тоифасига мансуб, ҳуқуқбузарларнинг аксарияти талабалар.
* 18 521 таси ёки 22,6 фоизи 16−17 ёш тоифасига мансуб фуқароларга нисбатан.
Шунингдек, автобусда йўл ҳақини тўламаслик, чиптасиз юрганлик учун жарима миқдорини ошириб, БҲМнинг ярмига тенг — 220 минг сўм этиб белгилаш таклифи киритилгани ҳам қўшимча қилинди.

