Иқтисодиёт

Августда пропан 5,8 фоизга, бензин 6,7 фоизгача қимматлашди — Статқўм

Августда пропан 5,8 фоизга, бензин эса 6,7 фоизгача қимматлашди — Статқўм

2026-йил август ойида Ўзбекистонда ойлик инфляция 0,2 фоизни, йиллик нархлар ўсиши эса 6,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилди.

Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга, хизматлар эса 0,1 фоизга қимматлашди.

Бир ой ичида сабзи нархи 9,2 фоизга, пиёз 6,2 фоизга, гуруч эса 2,2 фоизга ошган. Гречка 1,1 фоизга, тухум 0,8 фоизга қимматлашган. Ун нархи 0,5 фоизга, қўй гўшти 0,7 фоизга, суяксиз мол гўшти қиймати 0,7 фоизга кўтарилган.

Қўмита мавсумий омиллар мева-сабзавот нархларидаги ўзгаришларга таъсир қилганини қайд этган. Хусусан, бир ойда узум 10,9 фоизга, булғор қалампири 9,2 фоизга, олма 7,2 фоизга қимматлашган. Ситрус мевалар нархи 1,6 фоизга, тарвуз қиймати 7,5 фоизга ошган.

Айрим маҳсулотларда эса арзонлашиш кузатилган. Жумладан, товуқ гўшти 0,7 фоизга, шакар 0,6 фоизга, сут 0,3 фоизга, пахта ёғи 0,1 фоизга арзонлашган. Нок нархи 6 фоизга, бақлажон 5,5 фоизга, карам 4,9 фоизга, картошка қиймати 3,3 фоизга тушган.

Августда бензин нархи ўртача 1,9 фоизга ошган. Нарх ўсиши ёқилғи маркаларига қараб турлича бўлган. Масалан, АИ-92 бензини 1,1 фоизга, АИ-95 маркалиси 4,9 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 маркали бензинлар 6,7 фоизга қимматлашган. Пропан нархи ой давомида 5,8 фоизга ошган бўлса, йиллик ҳисобда қарийб 41,4 фоизга кўтарилган.

Ўтган ойда дори воситалари 0,2 фоизга арзонлашди.

Август ойида турар жойлар ижара ҳақи 0,4 фоизга, уйларга хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва қўриқлаш хизматлари нархи 0,3 фоизга ошди. Авиачипталар тарифлари ички рейсларда 0,1 фоизга, халқаро қатновларда 1,7 фоизга кўтарилди.

“Бу ёқилғи нархининг ошиши ва евронинг сўмга нисбатан ўзгариши билан боғлиқ”, дея ҳолатни изоҳлади Статқўм.

Августда шаҳарлараро йўловчи ташиш нархи ўртача 0,6 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, хусусий боғчалар 0,3 фоизга, репетиторлик 0,2 фоизга, чет тили курсларида ўқиш нархлари 0,1 фоизга қимматлашган.

Ўзбекистонда июл ойида йиллик инфляция даражаси 6,4 фоизни ташкил этганди. 2025-йил августидаги йиллик нархлар ўсиш кўрсаткичи эса 8,8 фоиз бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.