Ўзбекистон бензин импортини 7 ойда 54 фоизга оширди

Ўзбекистон 2026-йилнинг январ-июл ойларида бензин импортини 54 фоизга оширди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълумотларига таяниб хабар берилди.
Жорий йилнинг дастлабки етти ойида мамлакатга жами 710 минг тонна бензин олиб келинган бўлиб, унинг умумий қиймати 426 миллион долларни ташкил этган. Ҳар бир тонна бензиннинг ўртача нархи 600 долларга тенг бўлган.
Таққослаш учун, 2025-йилнинг шу даврида 461,7 минг тонна бензин импорт қилинган бўлиб, унинг қиймати 264,9 миллион долларни ташкил этган эди. Ўшанда бир тонна бензиннинг импорт нархи 575 долларни ташкил қилган. Бу шуни англатадики, 2026-йилнинг январ-июл ойларида 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 248,3 минг тонна кўпроқ бензин импорт қилинган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 614,2 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 34,5 тоннага кўп бўлса-да, 2024-йилнинг дастлабки олти ойидагига нисбатан 62,7 минг тоннага камдир.
Август ойи бошида "Ўзбекнефтгаз" АЖ 2026-йил якунига қадар 1,1 миллион тонна бензин ишлаб чиқаришни режалаштирганини маълум қилган эди.

