Иқтисодиёт

Ўзбекистонда 6 ойда 614 минг тоннадан ортиқ бензин ишлаб чиқарилди

Шунингдек, табиий газ ва нефт ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам маълум қилинди

Ўзбекистонда 2026-йилнинг дастлабки олти ойида 614 минг тоннадан зиёд бензин ишлаб чиқарилди.

Миллий статистика қўмитасининг хабар беришича, 2026-йилнинг январидан июнигача бўлган даврда мамлакатда жами 614,2 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган.

Худди шу давр мобайнида саноат корхоналари томонидан 568 минг тонна дизел ёқилғиси ҳамда 313,8 минг тонна нефт қазиб олинди.

Табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми 18,3 миллиард куб метрга етган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 462,1 минг тоннани ташкил этди.

Ҳисоботда ёқилғи-энергетика маҳсулотларидан ташқари, бошқа саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳам келтирилган.

Жумладан, 2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 2,5 миллион тонна кўмир қазиб чиқарилган.

Шунингдек, саноат корхоналари томонидан 126,7 минг дона автомобил двигатели ишлаб чиқарилгани қайд этилди.