АҚШга парвоз қилувчиларга Конгодаги эпидемия сабабли янги талаб қўйилди
3-ноябрдан АҚШга учаётганлар учун соғлиқ декларациясини тўлдириш мажбурий бўлади. Бу Конгода 4,6 мингдан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган вирус билан боғлиқ. Йўловчи сўнгги 21 кунда Конгода бўлмаганини тасдиқлаши шарт. Конго аеропорти орқали транзит ўтиш ҳам мамлакатда бўлганлик деб баҳоланади.

АҚШга учувчиларга Конгодаги эпидемия сабаб янги талаб жорий этилди
3-ноябрдан бошлаб хориждан АҚШга учаётган барча йўловчилар, жумладан транзит орқали кетаётганлар ҳам махсус соғлиқни сақлаш декларациясини тўлдириши мажбурий этиб белгиланди. Бу ҳақда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (СДС) маълум қилди.
Янги тартибга кўра, ҳар бир йўловчи сўнгги 21 кун ичида Конго Демократик Республикасида (КДР) бўлмаганини расман тасдиқлаши керак. Талабларга амал қилмаганлар самолётга киритилмаслиги, кейинги парвозлардан чекланиши ҳамда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Конго ДРда Бундибугио вируси тарқалиши давом этмоқда. 20-октабр ҳолатига кўра, мамлакатда жами 9704 та юқтириш ҳолати ва 4687 та ўлим (ўлим даражаси — 48,3%) қайд этилган.
Вирус минтақа бўйлаб ҳам кенгаймоқда: Кенияда 9 та ҳолат (1 та ўлим) аниқланган бўлса, Нигерияда касаллик бошқа мамлакатдан кириб келган 1 кишида топилган. ЖССТ касалликка чалинган мамлакатлар билан савдо ёки саёҳатга чекловлар киритмасликни тавсия қилмоқда.

