ЖССТ: Угандада Эбола эпидемияси якунланди, Конго ДРда эса касалланганлар сони ортмоқда

ЖССТ: Угандада Эбола эпидемияси тугади, аммо Конго ДРда касаллик авж олмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Угандада Эбола вирусининг Бундибугё штамми билан боғлиқ эпидемия ниҳоясига етганини эълон қилди.
Мамлакатда жами 20 кишида ушбу касаллик аниқланган бўлиб, улардан 2 нафари вафот этган. Уганда ҳукумати 28-июл куни мамлакатни Эбола эпидемиясидан холи деб эълон қилган эди, ЖССТ эса касаллик юқиш занжирлари бутунлай узилганига ишонч ҳосил қилиш мақсадида вазиятни шу ҳафтагача кузатиб борди.
Бироқ, қўшни Конго Демократик Республикасида (Конго ДР) вазият мураккаблигича қолмоқда. ЖССТ Африка минтақаси фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича директори Мари Розлин Белизернинг таъкидлашича, мамлакатда Эбола билан касалланиш ҳолатлари ўсишда давом этмоқда ва эпидемия назорат қилиш имкониятларидан тезроқ тарқалмоқда.
Конго ҳукумати маълумотларига кўра, 25-август ҳолатига кўра, мамлакатда 5 600 дан ортиқ касалланиш ва 2 700 дан зиёд ўлим қайд этилган. ЖССТ вакили Конго ҳудудида вирус юқиши ҳали ҳам фаол эканини, бироқ контактларни аниқлаш ва тест ўтказиш ишлари яхшиланаётганини билдирди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Бундибугё вирусида унинг тез тарқалишига сабаб бўладиган мутация белгилари аниқланмаган. Шу билан бирга, ЖССТ энг кўп зарар кўрган ҳудудларга тиббий воситалар ва шахсий ҳимоя анжомларини етказиш учун зудлик билан 30 миллион доллар маблағ етишмаётганини маълум қилди.
24-август ҳолатига кўра, касаллик оқибатида 2,5 мингдан ортиқ одам вафот этган, эпидемия эса мамлакат тарихидаги энг йирик Эбола эпидемиясига айланган. Тиббиёт ходимлари орасида ҳам 160 га яқин касалланиш ва 43 та ўлим қайд этилган.

