Дунё

АҚШда аттраксиондаги авария сабаб ўсмирларга 275 минг доллардан компенсация тўланади

АҚШда аттраксиондаги авария сабаб ўсмирларга 275 минг доллардан компенсация тўланади

АҚШнинг Портленд шаҳрида жойлашган кўнгилочар боғдаги аттраксионда қарийб 25 дақиқа давомида боши пастга қараган ҳолда осилиб қолган икки ўсмир қизнинг ҳар бирига 275 минг доллардан товон пули тўланиши белгиланди. Бу ҳақда Тҳе Орегониан нашри суд қарорига таяниб хабар берди.

Воқеа 2024-йил 14-июн куни Оакс Амусемент Парк кўнгилочар боғида содир бўлган. АтмосФЕАР аттраксиони ичида 28 киши бўлган пайтда тўсатдан тескари ҳолатда тўхтаб қолган.

Авария вақтида қизлардан бири 13, иккинчиси эса 14 ёшда бўлган. Улар судда ўша пайтда нафас олиш қийинлашгани, хавфсизлик мосламалари очилиб кетиб, қарийб 30 метр баландликдан қулаб тушишдан қўрқишганини маълум қилган.

Жабрланувчилардан бирининг сўзларига кўра, "Одамларнинг юзидан ёш оқаётганини кўрдим, чунки ҳамма қўрқиб кетган эди. Бир неча дақиқадан кейин эса айрим одамларнинг кўнгли айниб, қайт қила бошлаганини кўрдим".

Фох телеканали маълумотларига кўра, парк ходимларида бундай фавқулодда ҳолат учун тайёр ҳаракат режаси бўлмаган. Шу сабабли улар аввал қандай йўл тутиш бўйича кўрсатма олиш учун қўнғироқ қилишга, кейин эса ўт ўчирувчилар ва махсус ускуналар етиб келишини кутишга мажбур бўлган.

Кейинчалик қизлар даҳшатли тушлар кўриши ва уйқу билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилган. Носозликнинг аниқ сабаби ҳозиргача тўлиқ аниқланмаган. Бироқ эндиликда аттраксионга носозлик юз бергудек бўлса, уни автоматик равишда бошланғич ҳолатга қайтарадиган тизим ўрнатилган.

Аввалроқ аттраксиондаги носозлик билан боғлиқ ҳолатлар Испания ва Ҳиндистонда ҳам содир бўлган эди. Апрел ойида Севиля шаҳридаги ярмаркада одамлар учаётган аттраксион узилиб кетган. "Катапулта" аттраксиони шар шаклида бўлиб, уни иккита трос ушлаб турарди. Юқорига кўтарилиш пайтида трослардан бири узилиб кетган. Оқибатда аттраксиондаги одамлар пастга тушиб кетган, жами тўрт киши, жумладан, икки нафар бола жароҳат олган.

Феврал ойида эса Харяна штати Фаридобод шаҳридаги ярмаркада аттраксион қулаши туфайли 13 киши жароҳатланган, бир киши ҳалок бўлган. Бунгача Бразилияда ўнлаб сайёҳлар бузилган аттраксионда ҳавода осилиб қолган. Улар 60 метр баландликда икки соатдан ортиқ вақт ўтказишганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.