АҚШда йирик ўрмон ёнғини: 40 минг киши уйини тарк этди
АҚШнинг Невада штатида тез тарқалаётган табиий ёнғин туфайли 40 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди, яна 45 минг кишига эвакуацияга тайёр туриш бўйича кўрсатма берилди. Ҳавк номи берилган ёнғин бир сутка ичида 6 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган ва Рино шаҳридан 8 километр масофагача яқинлашган. Ҳодиса оқибатида олти киши, жумладан уч нафар ўт ўчирувчи жабрланган.

АҚШда улкан ўрмон ёнғини туфайли 40 минг киши уйларини ташлаб кетди.
АҚШнинг Невада штати ғарбида, Калифорния билан чегарага яқин ҳудудда катта табиий ёнғин авж олмоқда. Рино шаҳри мери Ҳиллари Шивнинг СНН телеканалига маълум қилишича, тез тарқалаётган ёнғин сабабли 40 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Яна 45 минг нафар аҳолига эҳтимолий эвакуацияга тайёр туриш бўйича кўрсатма берилган.
"Ҳавк" деб номланган ёнғин 22-август куни бошланган. Бир сутка ўтиб, олов қамраб олган майдон 6 минг гектардан ошган. Ёнғин Рино шаҳридан тахминан 8 километр масофада тарқалмоқда. Калифорния чегараси яқинида жойлашган Рино шаҳрида 280 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу Лас-Вегас агломерациясидан ташқаридаги Неваданинг энг йирик шаҳри ҳисобланади.
ОАВ маълумотларига кўра, ёнғин оқибатида камида олти киши жабрланган, улар орасида уч нафар ўт ўчирувчи ҳам бор. Шунингдек, бир нечта турар жой биноси ёниб кетгани хабар қилинмоқда.
Невада губернатори Жо Ломбардо Рино маъмурий маркази ҳисобланган Уошо округида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Унинг таъкидлашича, олов тез суръатларда тарқалмоқда ва турар жойларга ҳам хавф соляпти. Вазият сабаб Уошо округидаги мактабларда 24-август куни дарслар бекор қилинган.
Фавқулодда хизматлар дастлабки маълумотларга таяниб, ёнғин келиб чиқишига инсон фаолияти сабаб бўлганини билдирган. Бироқ ҳозирча бу бўйича қўшимча тафсилотлар очиқланмаган. Ёнғин сабабларини аниқлаш бўйича суриштирув давом этмоқда.
Ўт ўчириш хизмати маълумотига кўра, ҳудуддаги иссиқ ва қуруқ об-ҳаво ҳамда кучли шамол оловнинг тез тарқалишига шароит яратмоқда. Асосан қуруқ ўтлар ва буталар ёнмоқда.

