АҚШда афғонистонлик муҳожирларни депортация қилиш вақтинча блокланди
Федерал суд Трамп маъмуриятининг афғонистонликларни Покистон орқали мажбурий ватанга қайтариш режасини музлатиб қўйди. Конгресс аъзолари ҳамда ҳуқуқшунослар бу муҳожирлар ватанида қийноқ ва ўлим хавфига рўбарў келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

АҚШда афғонистонлик муҳожирларни депортация қилиш вақтинча тўхтатилди
АҚШ федерал судяси Валери Капрони Трамп маъмуриятининг афғонистонлик муҳожирларни Афғонистон ёки Покистонга депортация қилиш режасини вақтинча музлатиб қўйди. Бу қарор ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда Конгресс аъзоларининг хавотирларидан кейин қабул қилинди.
АҚШ Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 66 нафар аъзоси давлат котиби Марко Рубио ҳамда ички хавфсизлик котиби Маркуейн Муллинга мактуб юборди. Унда заиф қатламдаги инсонларни ортга қайтариш уларни таъқиб, қийноқ ва ҳатто ўлим хавфига дучор қилиши қайд этилган.
Қўшма Штатлар кўпинча расмий дипломатик алоқалари бўлмаган давлатларга муҳожирларни учинчи мамлакатлар орқали жўнатади. Ушбу ҳолатда ҳам расмийлар тахминан 150 нафар афғонистонликни Луизиана штатидан Покистон орқали ватанига депортация қилишни режалаштирган эди.
Депортация қилиниши кутилаётганлар орасида аёллар, собиқ полиция ходимлари, диний озчилик вакиллари ва АҚШ ҳарбийларига ёрдам берган шахсларнинг оилалари бор. Уларнинг аксарияти ватанидан таъқиблар сабаб қочган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар Афғонистонга қайтарилган шахслар асоссиз қамоқ, қатл ва калтакланиш хавфи остида қолишини билдирмоқда. Айниқса, аёллар ва қизлар таълим, иш ҳамда сўз эркинлигидан маҳрум этилган оғир шароитда яшашга мажбур бўлади.
Вашингтон қароридан олдин Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам АҚШнинг афғонистонликларни Покистонга топшириш режасидан хавотир билдирган эди. Вазирлик барча қарорлар инсон ҳуқуқларига асосланиши шартлигини таъкидлаган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса АҚШ ва Покистон ўртасидаги ушбу келишув тафсилотлари ошкор этилмаганидан хавотирда. Ҳуқуқшуносларнинг айтишича, суд қарори муаммони тўлиқ ҳал қилмаган, балки жараённи вақтинча тўхтатиб турибди, холос.

