АҚШ Конгресси аъзоси Илҳон Омарга нисбатан олиб борилаётган жиноий тергов ҳақида бизга нималар маълум
Терговнинг хусусияти ноаниқлигича қолмоқда, аммо АҚШнинг турли оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, бу унинг АҚШ фуқаролиги билан боғлиқ.

**АҚШ конгрессвумени Илҳан Омарга нисбатан жиноий тергов ҳақида нималарни биламиз**
Конгрессвумен Илҳан Омар 2018 йилдан бери Миннесота штати вакили бўлиб келмоқда
AҚШ ҳукумати расмийлари шу ҳафтада Миннесоталик конгрессвумен Илҳан Омарнинг хонадонида "федерал жиноий тергов" деб таърифланаётган ҳаракатлар доирасида тинтув ўтказди.
Адлия вазирлиги тинтув ордери суд томонидан тасдиқланганини маълум қилди. Жиноий терговнинг аниқ моҳияти ҳалигача аниқ эмас.
Тинтув федерал расмийларнинг Омарнинг 2000 йилда Кениядан келганидан кейин олган АҚШ фуқаролигини шубҳа остига олувчи бир нечта баёнотларидан сўнг амалга оширилди.
2018 йилдан бери Миннесота штати вакили бўлган Омар бу тинтувни Президент Дональд Трампнинг "сиёсий қўрқитиш кампанияси"даги "галдаги кескинлашув" деб атади. Трамп эса бунга алоқадорлигини рад этди.
Ички хавфсизлик бўйича тергов (HSI) агентлари 12 октябрь куни Омарнинг Вашингтондаги уйида у эри билан бўлган вақтда тинтув ўтказишди.
The Wall Street Journal хабарига кўра, унинг уяли телефони, ён дафтарчалари, шахсий компьютерлари ва паспорти мусодара қилинган буюмлар орасида бўлган.
"Ушбу ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳаракати давом этаётган федерал жиноий терговнинг бир қисмидир", дейилади Адлия вазирлигининг ўша пайтдаги баёнотида.
Ўшандан бери терговчилар Омарнинг оила аъзоларига ўндан ортиқ чақирув қоғози (суд томонидан бериладиган чақирув) юборишди, деб хабар беради Fox News.
АҚШнинг бир қатор оммавий ахборот воситалари тергов Омарнинг АҚШ фуқаролиги ва у 1995 йилда АҚШга келганида ёши ҳақида ёлғон гапирган-гапирмагани билан боғлиқлигини хабар қилди.
Омарнинг фуқаролик олиш учун берган аризасида кўрсатилган ёш унинг ҳақиқий туғилган санасидан фарқ қилиши ёки қилмаслиги бўйича саволлар ўртага ташланган.
Унинг никоҳлари ҳам синчковлик билан ўрганилмоқда. Трамп уни АҚШ фуқаролигини олиш учун ўз акасига (укасига) турмушга чиққанликда айблаганлар орасида.
Омарнинг молиявий аҳволи унинг собиқ демократик сиёсий консультант Тимоти Майнетт билан ҳозирги никоҳи муносабати билан ўрганилган. У ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни рад этди ва ўзига нисбатан олиб борилаётган терговларни "шунчаки сохта нарса" деб таърифлади.
АҚШ прокурори Жонин Пирро унинг офиси Омарнинг молиявий ҳисоботларини тергов қилаётганини айтди.
Омарнинг иммиграция ҳужжатлари муқаддам республикачилар томонидан ўрганилган ва шу йил бошида Жанубий Каролинадан бўлган конгрессвумен Нэнси Мейс унинг ҳужжатларини талаб қилиб олиш учун чақирув қарорини олишга уринган, аммо бу натижа бермаган эди.
Майнетт Fox News телеканалига Омар АҚШга 12 ёшида уруш қочқини сифатида келганини айтди. Унинг таъкидлашича, Омарнинг фуқаролиги борасида унда "ҳеч қандай хавотир" йўқ.
Омар Сомалида туғилган, кейинчалик оиласи билан Кениядаги қочқинлар лагерига қочган. У 1995 йилда отаси ва бошқалар билан АҚШга келган, 2000 йилда эса АҚШ фуқаролигини олган.
АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, терговдаги асосий масала - унинг отаси аризада унинг ёшини 18 эмас, балки 17 деб кўрсатиб, ёлғон гапирган-гапирмаганидадир.
Агар отаси фуқаролик учун ариза берган вақтда Омар 18 ёшда бўлган бўлса, у алоҳида равишда шахсий иммиграция жараёнидан ўтиши керак эди.
Кениядан келгач, Нур Омар Моҳамед аввалига оиласи билан Вашингтонга жойлашган, кейинчалик Миннесотага кўчиб ўтган. У такси ҳайдовчиси ва почта ходими бўлиб ишлаган.
Омар уни педагог деб таърифлаган ва у 2020 йилда Covid-19 асоратларидан вафот этганини айтган.
Оксфорд университетининг докторант-тадқиқотчисига таянган New York Post нашрининг хабар қилишича, Моҳамед "ўзини сохта равишда қочқин қилиб кўрсатган".
Post нашрининг ёзишича, у ўнлаб йиллар давомида ҳарбий карьерага эга бўлган, жумладан Сомалининг собиқ президенти Сиад Барренинг ҳарбий диктатураси даврида раҳбарлик лавозимини эгаллаган.
Барре Сомалида ҳокимиятни 1969 йилда қон тўкишларсиз тўнтариш орқали эгаллаган. Тарафдорлари уни Жанубий Африкадаги ирқчи апартҳейд тизимига қарши кампания каби ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган пан-африкачи деб билишган бўлса, танқидчилар уни 1991 йилда ҳокимиятдан ағдарилгунига қадар инсон ҳуқуқларининг кенг кўламли бузилишига раҳбарлик қилган диктатор деб ҳисоблашган.
"[Нур Омар Моҳамед] Сиад Барре ҳарбий режимида тўлиқ полковник бўлган", деди тарихчи ва тадқиқотчи Моҳамед Ҳажи Ингириис Post нашрига. "Илҳаннинг отаси ҳеч қачон педагог бўлмаган."
Трамп маъмурияти АҚШда ноқонуний равишда бўлиб тургани гумон қилинган иммигрантларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш учун қатъий ҳаракат қилди. Бу доимий яшовчилар ва грин-карта эгаларига ҳам таъсир кўрсатди.
Холис маълумотларни тадқиқ қилиш бўйича Transactional Records Access Clearinghouse ташкилотига кўра, Трамп маъмурияти томонидан берилган фуқароликдан маҳрум қилиш бўйича даъво аризалари сони ҳам ортган.
Фуқароликдан маҳрум қилиш - бу туғилиш бўйича берилмаган АҚШ фуқаролигининг бекор қилинишидир. Адлия вазирлиги шахс ариза топшириш жараёнида муҳим фактик маълумотлар бўйича ёлғон гапирганини исботловчи даъво аризаси билан судга мурожаат қилиши керак.
Омар бўйича ҳозирги терговда мана шу нарса асос қилиб олинаётганга ўхшайди.
Трамп Омарни Сомалига "қайтиб кетишга" чақириб, уни депортация қилиш кераклигини бир неча бор таъкидлаган.
Душанба куни Оҳайо штатида бўлиб ўтган митингда Трамп Омарнинг уйида ўтказилган тинтувга тўхталиб, шундай деди: "Улар бу билан нима қилишаётганини билмайман, лекин сизга бир нарсани айта оламан: у - ҳақиқий офат."
Сўнг Трамп АҚШдаги сомалиликларни умумий тарзда камситди, бу эса оломоннинг "депортация қилинсин" деган ҳайқириқларига сабаб бўлди.
Уйида тинтув ўтказилгач, Омар X платформасида шундай деб ёзди: "Мен яхшиман. Адaшманг: бу сиёсий душманларни нишонга олиш ва федерал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини қуролга айлантиришга бўлган уринишдир.
"Ўн йилдан бери Трамп менга нисбатан асоссиз ёлғонлар ва туҳмат кампанияларини олиб бормоқда", дея давом этди у. "Мени жим қила олишмайди."
Трамп унга нисбатан олиб борилаётган терговнинг "менга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини" айтган.
Федерал терговнинг вақти Адлия вазирлигининг сайловга бу қадар оз вақт қолганда сайловда қатнашаётган расмийларга қарши чора кўрмаслик прецедентига зид келади.
Тинтув ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларга бир неча ҳафта қолганда содир бўлди ва Омарнинг баъзи демократ ҳамкасблари томонидан кескин қораланди, улар Омар шафқатсиз "жирканч шахсий ҳужумлар ва асоссиз айбловларга" дучор бўлганини айтишди.

