АҚШ Федерал захира тизими асосий ставкани уч йил ичида биринчи марта оширди. Сабаб нима?
АҚШ Федерал захира тизими асосий ставкани 0,25 фоиз бандга ошириб, 3,75-4 фоиз оралиғида белгилади. Ушбу қарорни регулятор нархларнинг пасайиши кутилганидан анча секинлашиб қолгани билан изоҳлади. Яқин Шарқдаги кескинликлар фонида халқаро бозорда нефтнинг баррели яна 100 доллардан ошиб кетди. Шу билан бирга, дизел ёнилғиси нархлари ҳам сезиларли қимматлашди.

АҚШ Федерал захира тизими уч йил ичида илк бор асосий ставкани оширди. Бунга нима сабаб бўлди?
АҚШ Федерал захира тизими сентабр ойидаги йиғилишида асосий ставкани 0,25 фоиз бандга кўтариб, 3,75-4 фоиз оралиғида белгилади. Бу ҳақда Федерал очиқ бозорлар қўмитаси (ФОМС) эълон қилган пресс-релизда маълум қилинди.
Ставкани охирги марта ошириш 2023-йил июлида бўлган эди.
Ставкани ошириш ҳақидаги қарорни ФОМСнинг 12 нафар аъзоси бир овоздан маъқуллади.
АҚШда йиллик инфляция пасаймаяпти. Август ойида бу кўрсаткич 3,4 фоизни ташкил этди. ФЗТнинг узоқ муддатли мақсади инфляцияни 2 фоизгача тушириш бўлса-да, нархларнинг пасайиши кутилганидан анча секин кечмоқда. Масалан, август ойида нархлар ўсиши июлдаги 0,1 фоиздан 0,4 фоизгача тезлашди.
Яқин Шарқдаги кескинликлар туфайли халқаро бозорда нефтнинг бир баррели яна 100 доллардан ошиб кетди. Шу билан бирга, дизел ёқилғиси нархлари ҳам сезиларли даражада қимматлашди, бу эса барча соҳаларда харажатларни оширмоқда. Масалан, энергетика товарлари бўйича йиллик инфляция 16,3 фоизни ташкил этмоқда.
ФЗТ раиси Кевин Уорш иқтисодиёт барқарор суръатларда ўсаётганини, аҳоли харажатлари ва инвестициялар юқорилигини, меҳнат бозори ҳам мўтадил эканини таъкидлади. Иқтисодиётда бундай кучли талаб сақланиб қолса, инфляцияни фақат пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш орқали жиловлаш мумкин бўлади.
Фед раиси матбуот анжуманида регулятор нефт ёки озиқ-овқат каби алоҳида маҳсулотлар нархига бевосита таъсир кўрсата олмаслигини айтиб ўтди.
Унинг тушунтиришича, ставканинг оширилиши нархлар ўсишининг иқтисодиёт бўйлаб кенгроқ тарқалиб кетишининг олдини олишга ёрдам бериши керак.

