Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда улана бошланди
Ўзбекистонда 27 октябрь куни Apple Pay ишга туширилди — Apple Wallet’да кардошларини хизматга улаш мумкин бўлган саккизта маҳаллий банк рўйхати пайдо бўлди. Google 19 октябрдаёқ Google Pay ишга туширилганини эълон қилган эди, аммо фойдаланувчилар Ўзбекистон банклари карталарини улашни барибир 27 октябрдан бошладилар.

Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay улана бошланди
Ўзбекистонда 27 октябрь куни Apple Pay ишга туширилишининг илк белгилари пайдо бўлди: iPhone фойдаланувчилари учун Apple Wallet иловасига карталарини қўшиш мумкин бўлган маҳаллий банклар рўйхати очилди. Рўйхатга саккизта банк ва финтех-сервис кирди. Google 19 октябрдаёқ Google Pay ишга туширилганини расман тасдиқлаган эди, бироқ карталар сервисга 27 октябрдан улана бошлади.
ATTO транспорт картасини Apple Wallet иловасига қўшишга уриниш пайтида Ўзбекистонда чиқарилган банк карталарини улаш имконияти ҳақида билдиришнома пайдо бўлди.
Apple хабарида қуйидаги банклар ва қўллаб-қувватланадиган тўлов тизимлари келтирилган:
Apple айрим банклар карталарнинг ҳамма турларини ҳам қўллаб-қувватламаслиги мумкинлигини аниқлаштиради. Янги банклар қўшилиши билан рўйхат бойитиб борилади. Муайян картани улаш имкониятини унинг эмитентидан аниқлаштириш тавсия этилади.
Материал тайёрланаётган вақтда Ўзбекистон Apple сайтида эълон қилинган Apple Pay хизматини қўллаб-қувватлайдиган мамлакатлар рўйхатида ҳали йўқ эди. Ушбу саҳифанинг охирги янгиланиши 19 октябрга тўғри келади.
Google расмий сайтида Ўзбекистон Google Wallet иловаси, контактсиз тўлов ва электрон ҳамённинг веб-версияси қўллаб-қувватланадиган мамлакатлар қаторида кўрсатилган.
Хусусан, фойдаланувчиларга Android смартфонлари, Wear OS бошқарувидаги ақлли соатлар ва мос келувчи Fitbit қурилмалари ёрдамида контактсиз тўловларни амалга ошириш имконияти мавжуд.
Google Wallet шунингдек чипталар, транспорт йўл чипталари, содиқлик карталари, рухсатномалар ва бошқа рақамли ҳужжатларни сақлаш имконини беради. Алоҳида функцияларнинг мавжудлиги мамлакатга, қурилмага ва сервис ҳамкорларига боғлиқ.
Смартфон ёрдамида харидлар учун тўловни амалга ошириш учун Google Wallet’га қўллаб-қувватланадиган банк картасини қўшиш, унинг реквизитларини (карта рақами, орқа томонидаги CVV-код, банк манзили) тўлдириш зарур.
«Газета» мухбирлари Apple ва Android телефонларига Visa банк карталарини улашга муваффақ бўлишди.
19 октябрь куни Google Cloud вакили Марчин Красуски Самарқандда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШнинг C5+1 форматидаги учрашувлари доирасида ўтказилган рақамли технологиялар бўйича тадбирда Ўзбекистонда Google Pay ишга туширилганини эълон қилди.
22 октябрь куни Ўзбекистон Туризм қўмитаси Google Pay мамлакатда аллақачон ишлаётгани, Apple Pay эса яқин кунларда ишга тушиши кутилаётганини маълум қилди (кейинчалик бу хабар ўчириб ташланди). Идора маълумотларига кўра, сервиснинг техник интеграцияси билан Марказий банк, тижорат банклари ва HUMO ҳамда Uzcard тўлов тизимлари шуғулланмоқда.
Аввалроқ Spot нашри бир нечта манбаларга таяниб, Apple Pay ишга туширилишининг тахминий санаси сифатида 27 октябрь кўрсатилгани ҳақида хабар берган эди. Сервис бир вақтнинг ўзида бир нечта банкда ишлай бошлаши тахмин қилинганди.
Халқаро тўлов сервисларини ишга туширишга тайёргарлик шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ўзгарганидан кейин фаоллашди.
26 март куни президент Шавкат Мирзиёев муайян шартларга риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон фуқароларининг бир қатор шахсий маълумотларини хорижда сақлаш ва уларга ишлов беришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Илгари амалда бўлган маълумотларни локализация қилиш талаблари Apple Pay ва Google Pay’нинг мамлакат бозорига кириб келиши учун асосий тўсиқлардан бири эди.
Шу билан бирга, биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, маҳаллий телекоммуникация операторлари хизматларидан фойдаланувчиларнинг маълумотлари учун Ўзбекистон ҳудудида мажбурий сақлаш талаби сақланиб қолди.
Июль ойида Марказий банк Apple Pay ва Google Pay’ни ишга тушириш бўйича техник тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган эди. Банклар, шунингдек, хизматларга нафақат халқаро Visa ва Mastercard, балки миллий HUMO ва Uzcard карталарини ҳам улаш имкониятини таъминлаш учун карталарни токенизация қилиш билан шуғулланаётган эди.

