Маҳаллий

Ангренда 80 млн сўмга яқин қалбаки пул тайёрлаганлар ушланди

Муқаддам судланган икки шахс кўп қаватли уйдаги хонадонни ижарага олиб, рангли принтер ёрдамида қалбаки пул тайёрлаган. Энди улар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ангренда қарийб 80 млн сўмлик қалбаки пул тайёрлаганлар қўлга олинди

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида тахминан 80 млн сўм миқдоридаги қалбаки пулларнинг муомалага чиқарилишига йўл қўйилмади. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Билдирилишича, 1993-йилда туғилган фуқаро 1997-йилда туғилган таниши билан тил бириктириб, шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган хонадонни ижарага олган ҳолда қалбаки пул тайёрлаган.

Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда уй кўздан кечирилганда ярим тайёр ҳолатдаги 100 ва 200 минг сўмлик купюралардан иборат жами 79,8 млн сўм миқдоридаги қалбаки пул маблағлари, рангли принтер ва унинг бўёқлари, шунингдек, канселярия жиҳозлари ашёвий далил сифатида олинди.

Таъкидланишича, ушбу шахслар илгари судланган бўлса-да, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган.

Ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, аксиз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Кодексга кўра, бу жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан аввал Андижонда 100 ва 200 минг сўмлик сохта банкнотлардан иборат, жами 297 млн сўм қалбаки пулларни шартли харидорга 148 млн сўмга сотган шахс қўлга олинганди. Тошкентда қалбаки 8,4 минг долларни ҳақиқийсига сотмоқчи бўлганлар ушланганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.