Андижонда ЙҲХБ биносида норасмий ишлаб, 76 кишига “права” олиб берганлар қўлга олинди

Андижонда ЙҲХБ биносида норасмий ишлаб, 76 кишига “права” олиб берганлар қўлга олинди
Андижон вилоятида сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган шахсларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
Аниқланишича, Ш.М. 2023-йилдан 2025-йил ноябрига қадар Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБнинг 5-сонли туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш гуруҳида норасмий ёрдамчи сифатида фаолият юритган.
У таниши У.М. билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи бўлган фуқароларга пул эвазига ҳужжат расмийлаштириб бериш тизимини йўлга қўйган. У.М. мижозларни топган, Ш.М. эса гувоҳномаларни чиқариш билан шуғулланган.
Бунинг учун аввал эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштирган бошқа фуқароларнинг топширилган ҳужжатларидан фойдаланилган. Эски гувоҳномаларнинг серия ва рақамлари аслида ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган мижозларнинг маълумотларига боғланган. Натижада улар тизимда илгари ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахс сифатида кўрсатилган.
Сохта маълумотлар ЙҲХХнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиб, фуқароларга янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари чиқариб берилган.
Ш.М. суддаги кўрсатмасида мижозларни У.М. топиб келганини, ўзи улар билан бевосита гаплашмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳар бир гувоҳнома учун 500 доллардан 1000 долларгача пул олинган ва маблағлар У.М. орқали унга етказилган.
У.М. эса судда шу йўл билан 50—60 нафарга яқин фуқарога гувоҳнома чиқариб берилганини билдирган. Унинг кўрсатмасига кўра, ҳар бир мижоздан олинган пулнинг 100 долларини ўзига олиб қолиб, қолганини Ш.M.ga берган.
Суд ҳужжатларига кўра, жами 76 та сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштирилган. Уларнинг 65 таси ЙҲХБ ходимларидан бирига, яна 11 таси бошқа ходимга тегишли логин-пароллар орқали чиқарилган.
Ҳолат аниқлангач, ЙҲХБ ходимларидан бири Ш.M.dan бу ишга нима сабабдан қўл урганини сўраган. Ходимнинг суддаги кўрсатмасига кўра, Ш.М. унга 2024-йилда тотализатор ўйнаб, 50 минг доллардан ортиқ қарзга ботганини айтган.
Иш бўйича логин-паролларидан фойдаланилган икки нафар ЙҲХБ ходими ҳам судга тортилган. Бироқ уларнинг сохта гувоҳномалар чиқарилишидан хабардор бўлгани ёки бунинг эвазига пул олгани исботланмаган. Суд ходимларнинг логин-парол ва электрон калитлар сақланишини лозим даражада назорат қилмаганини мансабга совуққонлик билан қараш деб баҳолаган.
Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани суди ҳукми билан Ш.М. Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
У.М. ҳам шу модда билан айбли деб топилиб, узил-кесил 3 йил 3 ойга озодликни чеклаш жазоси белгиланган. Суд ашёвий далил сифатида сақланаётган 76 та сохта ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқ қилиш ҳақида қарор қилган.
Аввалроқ 72 кишига 616 млн сўм эвазига сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштирган Давлат хизматлари маркази ходими ва унинг шериклари қамоққа олингани ҳақида хабар қилинганди.

