Андижонда тиббиёт бирлашмасининг собиқ раҳбарлари ва ҳисобчиларидан иборат 13 кишига суд ҳукми ўқилди
Давлат молиявий назорати инспексиясининг Андижон вилояти бошқармаси томонидан Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси текширилганда, 3,4 млрд сўмдан ортиқ молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Хусусан, 2021–2024-йилларда шифохоналарга амалда етказиб берилмаган дори-дармонлар учун пул тўланган, маҳсулотлар қиммат нархларда харид қилинган ва ходимларга асоссиз иш ҳақи ҳисобланган.

Андижонда тиббиёт бирлашмасининг собиқ раҳбарлари ва ҳисобчиларидан иборат 13 кишига суд ҳукми чиқарилди
Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасида бюджет маблағларидан фойдаланишда 3,4 млрд сўмдан ортиқ қонунбузарликлар аниқлангани бўйича муассасанинг 13 нафар ходимига суд ҳукми ўқилди.
Андижон вилояти прокуратураси терговчисининг қарори асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Давлат молиявий назорати инспексиясининг Андижон вилояти бошқармаси мутахассислари текширув ўтказган. Бирлашманинг 2021–2024-йиллардаги харажатлари кўриб чиқилганда, дори-дармон хариди, хизматлар учун тўловлар ва ходимларга иш ҳақи ҳисоблашда бир қатор қонунбузарликлар фош этилган.
### Дори-дармонлар етказилмаган, аммо пули тўланган
Маълум қилинишича, бирлашма бир нечта фармацевтика корхоналари билан дори-дармон ва тиббий буюмлар етказиб бериш бўйича шартномалар тузган. Бироқ айрим маҳсулотлар амалда муассасаларга етказилмаган. Шунга қарамай, улар қабул қилингандек электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилиб, таъминотчиларга бюджетдан маблағ ўтказилган.
Масалан, собиқ бош ҳисобчи МЧЖга етказиб берилмаган маҳсулотлар учун 444,2 млн сўм тўлаб берган.
2021–2024-йилларда жами 15 та таъминотчи корхонага шу тартибда 1 млрд 536 млн сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ўтказилган. Бундан ташқари, дори-дармонлар шартномада келишилган нархдан 218,4 млн сўмга қиммат харид қилинган. Белгиланган референт нархларга ҳам амал қилинмаган.
Хизматлар учун тўловларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Хусусан, айрим туғруқ мажмуаларида кўрсатилмаган хизматлар учун пул ўтказилган. Болалар шифохонасида эса кир ювиш хизматининг кўрсатилмаган қисми учун ҳам ҳақ тўланган.
### Ишламаган 33 ходимга 410,8 млн сўм маош ёзилган
Текширувда амалда ишламаган 33 нафар ходимга жами 410,8 млн сўм иш ҳақи ҳисоблангани аниқланган. Айрим ҳолатларда табелларга сохта маълумотлар киритилиб, белгиланган иш ҳажмини бажармаган ходимларга ҳам маош тўланган.
Бундан ташқари, малака тоифасининг амал қилиш муддати тугаган 32 нафар ходимга 49,4 млн сўм, яна 27 нафар ходимга мукофот пули сифатида 62,4 млн сўм ортиқча берилган. Интизомий жазоси бор ходимларни рағбатлантириш, штат ва иш стажига боғлиқ тўловларда ҳам қонунчилик талаблари бузилган.
Шунингдек, қайта ҳисоб-китоб жараёнида 159 нафар ходимга 215,1 млн сўм, меҳнат таътили учун эса 248 нафар ходимга 60,9 млн сўм ортиқча ҳисобланган.
Текширувда аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг умумий миқдори 3 млрд 425 млн 597 минг 900 сўмни ташкил этган.
### Суд ҳукми
Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судининг ҳукми билан 13 нафар судланувчининг барчаси айбли деб топилган. Уларнинг айримлари мансабга совуққонлик билан қараш, бошқалари эса бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги жиноятларини содир этганликда айбланган.
Хусусан, бирлашманинг собиқ раҳбари ва собиқ бош ҳисобчиси Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган. Бироқ жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли уларга жазо тайинланмаган.
Бирлашма раҳбарининг иқтисодий ва умумий масалалар бўйича собиқ ўринбосари Ф.М. ҳам ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган.
Собиқ бош ҳисобчи С.Й. эса ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 1 йил 7 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Бош ҳисобчи ўринбосари Ж.М. ва моддий бойликлар ҳисобчиси М.И. ҳам ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 209-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бири иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 7 ойдан ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган.
Қолган етти нафар ҳисобчи эса ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари ҳамда 209-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил 1 ойдан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Жазо тайинланган 11 нафар судланувчининг барчаси 1 йил муддатга давлат ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Бундан ташқари, етказилган зарарни қоплаш мақсадида прокуратуранинг депозит ҳисобварағига киритилган 891 млн сўмдан ортиқ маблағ Андижон вилояти маҳаллий бюджетига ўтказилиши белгиланган.

