“Америкага бориб, сартарошлик қилмоқчи бўлганман”. Азиз Ражабий ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа ва қизини узатгани ҳақида

“Америкага бориб, сартарошлик қилмоқчи бўлганман”. Азиз Ражабий ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа ва қизини узатгани ҳақида
Ўзбек миллий мусиқаси, мақом ва театр санъатига катта ҳисса қўшган Ражабийлар сулоласи вакили, хонанда Азиз Ражабий “Наво” телеканалига интервю берди. Суҳбатда у болалиги, ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа ҳамда аждодлари ҳақида сўзлаб берди.
**“Америкада сартарошлик қилмоқчи эдим”**
Бу 2001-йилга тўғри келади. Ўша пайтда ўзимни излаб юрган, қарийб 10 йил мусиқачилик қилиб, кейин бизнес билан шуғуллана бошлаган даврим эди. Бир танишим Америкага ўқиш баҳонасида боришни таклиф қилди. Ҳужжатларимни тайёрлаб, суҳбатга кирдим. Суҳбат яхши ўтди, лекин охирида “Сизга рад жавобини берамиз”, дейишди. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, муздай бўлиб чиқиб кетдим.
Ўша пайтда уйлангандим, бир ўғлим бор эди. Америкага бориб, ҳаётим ўзгаради, деб ўйлагандим. Сартарошликни ҳам билардим, бориб яхши пул топаман, деб ўзимча ҳисоб-китоблар қилгандим. Лекин ўша рад жавоби ҳаётимни бошқа томонга буриб юборди. Аввалига хафа бўлдим, кейин эса “Демак, мен ашула айтишим керак экан”, деган фикрга келдим. Дадам ҳам доим “Сен қўшиқчи бўлишинг керак. Бобонг ҳам, мен ҳам қўшиқчимиз”, дердилар.
Шундан кейин 2001-йилда “Куйгай” қўшиғини ижро қилдим. Дўстларимга ёқиб, яна қўшиқ айтишимни сўрашди. Кейин яна буюртмалар тушди. Шундай қилиб, ўзим ҳам билмай, хонанда бўлиб қолибман. Бугун мени Ражабийлар сулоласининг давомчиси сифатида эътироф этишади. Ўйлаб қарасам, ўша пайтдаги рад жавоби ҳам бекорга бўлмаган экан. Ҳозир эса Америкага деярли ҳар йили борамиз, фақат энди ишлагани эмас, саёҳат қилгани, дейди у.
Азиз Ражабий ёшлигингиздаги ўзи билан суҳбатлашиш имконияти бўлса, унга нима деган бўларди?
— Болалигимда оғир-босиқ бола бўлганман. Аввал вазиятни ўрганиб, ҳаммасини тушуниб олардим, кейин керак бўлса тўполон ҳам қилардик, шўхлик ҳам қилардик. Болаларча югуриб, футбол ўйнаб, кўчада чангитиб юрадиган пайтлар бўлган. Умуман, энергиям кўп бўлган.
Фарзандли бўлиб, унинг тарбияси билан шуғуллана бошлагач, одам ўзида бўлмаган нарсаларни фарзандига беришни, ўзи эришмаган нарсаларга фарзанди эришишини хоҳлар экан. Мен ҳам боламда ўзимдаги камчиликлар бўлмаслигини истайман.
Мен жуда эркин катта бўлганман. Ота-онам менга кўп нарсада эркинлик беришган. Дарсингни қил, деб айтишарди, лекин қилмасам, қаттиқ назорат қилишмасди. Кейинчалик устозларим ҳам “Дарсларингни вақтида қилмаяпсан, ҳозирданоқ ўз устингда ишлашни, феъл-атворингни шакллантиришни ўрган. Бу келажакда сенга керак бўлади”, деб кўп айтишган. Ўша пайтда “Келажакда нима бўларди?” деб ўйлардим. Ҳозир тушуняпманки, инсон ёшлигидан ўзига берилган вазифани вақтида бажаришга ўрганса, бу одат катта бўлганида ҳам давом этар экан, дейди хонанда.
**“Қизимни узатаётганимда йиғламадим, кейин эса...”**
— Дўстларимнинг қизларини узатиш маросимларида орқада туриб, кўзимга ёш келиб йиғлаб қолардим. Ўшанда ҳали ўзим қиз узатмаган эдим. “Ўзимнинг қизимнинг тўйи бўлса, жуда қийин бўлса керак”, деб ўйлардим. Кейин ўзим қизимни узатдим. Тўйда “Қизим” қўшиғимни ўзим ижро этдим. Қизим куёв билан ёнимдан ўтиб кетди, хайрлашдик, ҳатто машинага ўтириб кетаётганида ҳам кўзимга ёш келмади. Чунки мен хурсанд эдим. “Худога шукур, қизимнинг жойи чиқди, ўзимизга мос инсонлар билан қуда бўляпмиз. Яхши оилага тушиб, бахтли бўлсин”, деган хурсандчилик ҳисси бор эди.
Орадан бир-икки ҳафта ўтиб, тадбирлар билан Наманган вилоятига бордик. Ўша ерда “Қизим” қўшиғини айтадиган бўлдим. Қўшиқ янграй бошлагач, бирдан йиғлаб юбордим. Ўзимни босолмай, қўшиқнинг охиригача йиғладим.
Тадбирда ўтирган мухлислар ҳам ҳайрон бўлишди. Йиғидан гапиришга қийналиб, уларга “Ҳайрон бўлманглар, мен қизимни узатган эдим. Орадан икки ҳафта ўтди, қизимни шунчалик соғинибман”, дедим. Қўшиқни айтаётганимда қизимнинг болалигидан тортиб, уни вояга етказгунимча бўлган барча кунлар кўз олдимдан ўтди. Шуни эслаб йиғладим. Менинг ҳолатимни кўрган даврадаги аёлларнинг кўпчилиги ҳам мен билан бирга йиғлашди. Ҳатто “Қизингиз бахтлими?” деб сўрашди. “Алҳамдулиллоҳ, қизим бахтли. Шунчаки, уни жуда соғинибман”, дедим. Шундан кейин қўшиқчи айтаётганимда тахминан олти ойлар йиғлаб куйладим, дейди хонанда.
**Машҳурлик ижод қилишга янада ёрдам берадими ёки халақит қиладими?**
— Менимча машҳурлик ижодга халақит қилмайди. Бу ҳам неъмат, ҳам насиба. Жуда катта маблағ сарфлаб, номи чиқмаган инсонларни ҳам кўрганман. Аксинча, битта қўшиқ билан танилиб, машҳур бўлиб кетган санъаткорлар ҳам бор.
Инсон машҳурлик келганда ўзини йўқотиб қўймаслиги керак. Баъзан одам аслини, кимлигини унутиб қўяди. Ана шу пайтда машҳурлик хавфга айланиши мумкин. Юнус Ражабий ҳам ўз даврининг энг машҳур инсонларидан бири бўлган. Лекин фарзандларига доим “Камтар бўлинглар. Қанча юқорига чиқсангиз, шунча эгилинглар, ерга яқин бўлинглар”, деб уқтирган эканлар.
Мен буни отамда ҳам, амакиларимда ҳам кўрганман. Обид Юнусов, отам ва бошқа яқинларимиз жуда машҳур бўлишган, лекин уларда кибр бўлмаган. Улар машҳурликдан тўғри фойдаланишган. Менимча, энг муҳими ҳам шу — инсон машҳур бўлса ҳам, ўзлигини ва камтарлигини йўқотмаслиги керак.

