“Юлдуз тўйида мени кўриб йиғлаб юборганининг сабаби бор”. Адиз Ражабов муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа ҳамда оиласини оммага нега кўрсатмаслиги ҳақида

“Юлдуз тўйида мени кўриб йиғлаб юборганининг сабаби бор”. Адиз Ражабов муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа ҳамда оиласини оммага нега кўрсатмаслиги ҳақида
Ўзбек киносининг энг талабгир актёрларидан бири бўлган, “Супер келинчак”, “Ўзимдан ўзимгача”, “Пойма-пой”, “Фарзандим” каби филмлар орқали машҳурликка эришган Адиз Ражабов “Шахсий чегара” лойиҳасига интервю берди. Суҳбатда у Инстаграмъдаги фаолияти, оиласини оммага кўрсатмаслик сабаби, актриса Юлдуз Ражабова билан муносабатлари ҳамда ҳамкасблари қаторида туриб, президентдан мукофот олмагани ҳақида сўз юритди.
“Тўй хизматларига зарурат туфайли чиқилади”
Халқ орасида актёрни фақат кинотеатрда ёки театр саҳнасида кўриш мумкин деган қараш бор. Адиз Ражабовни қаерларда учратиш мумкин?
Актёрни тўй хизматида, бошловчиликда кўряпсизми — демак, у шунчаки ўйнаб-кулиш учун эмас, зарурат сабаб боради. Бунга иш сифатида қаралади ва шу орқали халқ хизматида бўлади. Сиз ўзингизни қандай кўрсацангиз, чегараларингизни қаергача қўйсангиз, одамлар ҳам буни шундай қабул қилади.
2018-2019-йилларгача тўй хизматларига чиққанман, шунда ҳам кўп эмас. Кўпроқ кино, рекламаларда суратга тушганман. Реклама тушунчаси ҳам ўша пайтларда бутунлай бошқача эди. Кинода бироз танаффус бўлган даврларда — 2016-йилларда “Дийдор” театр студиясига ишга кирганман. Мен билан Алишер Узоқов, Акбархўжа Расулов, Юлдуз Ражабовалар ҳам бор эди. Баҳодир Йўлдошев қўлида яхши таълим олдик, дейди Адиз Ражабов.
“Инстаграм орқали яхши даромад топяпман”
Ўзини ва касбини ҳурмат қилган ҳолда фаолият юритиш мумкин. Ўзим ҳам бир-бир ярим йилдан бери Инстаграм саҳифамни фаол юритяпман. Кинодан чиққаним учун киноконтент, кинореел, турли мавзулардаги рубрикаларда видео олиб келяпман. Ибратлироқ мавзуларни кўпроқ танласам-да, бироз юморга йўғрилганлари ҳам бор — ўзимнинг юзимни, обрўйимни сақлаган ҳолда ва энг муҳими, томошабинимнинг ғашига тегмаган тарзда. Ҳамма ўз танловини қилади. Мен ҳам нимани эксам, шуни ўряпман.
Ҳозир Инстаграм орқали ҳаракатимга яраша яхши даромад топаман, шукр. Шахсий мавзулар умуман йўқ, сабаби менинг позициям шундай, дейди актёр.
“Юлдуз Ражабова тўйида мени кўриб йиғлаб юборди”
Актриса Юлдуз Ражабованинг никоҳ тўйида ҳамкасби Адиз Ражабов уни табриклаш учун келганида, келиннинг йиғлаб юборгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Бу ҳолат кузатувчиларда “Адиз келганида Юлдуз нега уялиб кетди? Улар аввал севишганми?” каби саволларни туғдирганди. Адиз Ражабов эса бу ҳолатга ҳам изоҳ берди.
— Яқинда Юлдуз Ражабова синглимнинг никоҳ тўйи бўлди. Ёнига бориб, табриклаганимда йиғлаб юборди. Шундан сўнг кўпчиликда улар бир-бирини яхши кўрармиди каби саволлар туғилди. Йўқ, Юлдуз менинг синглимдек. У ҳам мени ўз акасидек кўради. Биз кинонинг ҳам, театрнинг ҳам паст-у баландини бирга кўрдик. Вақт ўтган сари инсон бир-бирига қадрдон бўлиб қолади. Буни ёмон нарса деб йўйиш керак эмас. Ўша пайтда ўзим ҳам синглисини узатаётган акадек ғалати аҳволга тушиб қолдим, дейди актёр.
“Оиламнинг ортидан шов-шув қилмайман”
Адиз Ражабов оиласи ҳақида гапиришни истамайдиган санъаткорлардан бири. Бу нимага боғлиқ?
Оилалиман, фарзандларим бор. Менимча, шунинг ўзи етарли. Мен оилам билан шов-шув қилишни хоҳламайман. Бундай нарсаларга ғашим келади, рости. Тушунаман, томошабинга актёрнинг шахсий ҳаёти қизиқ, лекин менинг мухлисларим менинг қароримни ҳурмат қилишади, дейди актёр.
“Фарзандларим санъаткор бўламан деса…”
Амалий эмас-у, маслаҳат жиҳатидан ёрдам бера оламан. Сабаби иқтидори бор инсон барибир кўзга ташланади. Балки, беш-ўн йилдан сўнг қарорим ўзгарар. Лекин ҳозирги ҳолатимда фарзандимнинг танловини ҳурмат қиламан. Сабаби бир пайтлар менинг ота-онам ҳам қизиқишларимни қўллаб-қувватлаган, дейди Адиз Ражабов.
“Ўзбек киноси ривожланмаётгани мени жуда қийнайди”
Қанийди, ҳозирги ўзбек киносининг бундай аҳволга тушиб қолганининг аниқ сабабини билсам. Бу менимча бутун дунёдаги тенденсия. Россия, Европа, Болливуд, Голливуддаги филмларни умумий олиб қарасак, 2000-йиллардаги хит даражаси жуда баланд эди. 100 тадан тахминан 80 таси зўр филмлар бўларди. Ҳозир бизда ҳам шундай десак бўлади. Қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ҳозирги шарт-шароитларидан келиб чиқиб яхши филмлар суратга олаётган бўлса — демак, улар жараёнга чиқди. Лекин булар нега бизда йўқлиги мени жуда қийнайди. Мен ўзим ҳудудимда, яъни Инстаграмда бу нарсаларни оз бўлса-да қайтаришга ҳаракат қиляпман, дейди Адиз Ражабов.
“Мукофот берилмадими, демак, менинг вақтим эмас”
Яқин кунларда бир қанча санъат ва маданият ходимлари президент томонидан турли мукофотлар билан тақдирланди. Ҳамкасблари қаторида бўлмаганидан Адиз Ражабов ранжимадими?
Чунки йигитлар анча меҳнат, хизмат қилишган. Ўша тадбирга мен ҳам таклиф этилган эдим, уларни шахсан ўша ерда табриклашга имконият бўлди. Мен нега уларнинг орасида йўқлигимга келсак, демак, вақти эмас ва бу жуда ҳам нормал ҳолат. Инсон фокусни қилаётган ишига қаратиши ва шу иши ортидан кимнидир яхши ҳолатга келишга ундаса, шунинг ўзи қанчалик улкан савоб. Демак, ҳозирча менинг навбатим эмас. Албатта, ҳар бир инсон вақти-соати билан ўз ишидан тақдирланса, жуда ёқимли бўлади, дейди Адиз Ражабов.
“Машҳурликка бир кечада эришмаганман”
Элга кичик-кичик қадамлар, меҳнатим, ролларим билан танилганман. Эпизоддаги роллар, массовка, иккинчи даражали рол, биринчи даражали рол, ундан кейин бош ролга эришганман. Худо кимгадир шу тарзда, кимгадир бирданига беради. Кимдир 45 ёшдан кейин танилади. Менга машҳурлик олиб келган рол Рустам Саъдиевнинг “Наҳотки сен” филми. Ундан кейин эса, албатта, “Супер келинчак”. Кейинги филмларим ҳам бунга уланиб кетган, дейди актёр.

