“Америка Ўзбекистонни минтақадаги энг муҳим ҳамкор деб тан оляпти” – элчи Фурқат Сидиқов
2-сентабр куни АҚШ пойтахти Вашингтонда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги тантанали нишонланди. Тадбирда АҚШ ҳукуматидан расмийлар, дипломатик корпус вакиллари ҳамда ватандошлар қатнашди. Kun.uz билан гаплашган элчи Фурқат Сидиқовга кўра, Вашингтон Тошкентни Марказий Осиёдаги асосий шерик сифатида кўрмоқда ва ҳозирги алоқалар кейинги маъмуриятлар даврида ҳам сақланиб қолади.

“Америка Ўзбекистонни минтақадаги энг муҳим ҳамкор деб тан оляпти” – элчи Фурқат Сидиқов
2-сентабр куни АҚШ пойтахти Вашингтонда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги тантанали тарзда нишонланди. Тадбирда АҚШ ҳукуматидан расмийлар, дипломатик корпус вакиллари ҳамда ватандошлар иштирок этди. Kun.uz билан суҳбатда элчи Фурқат Сидиқовнинг айтишича, Вашингтон Тошкентни Марказий Осиёдаги асосий шерик сифатида кўрмоқда ва мавжуд алоқалар кейинги маъмуриятлар даврида ҳам давом этади.
Бу йил мустақиллик байрами нафақат Ўзбекистонда, балки республиканинг ҳамкор давлатларида ҳамда ўзбеклар кўп яшайдиган ҳудудларда кенг нишонланмоқда. Масалан, АҚШнинг 10 дан ортиқ штатларида турли тадбирлар ўтказилди. 2-сентабр куни эса асосий байрам Вашингтонда ташкил этилиб, унда америкалик расмийлар, дипломатик корпус вакиллари ҳамда Америкада яшовчи юртдошларимиз қатнашди.
Элчи Фурқат Сидиқов нутқ сўзлаб, йиғилганларни байрам билан табриклади. Шунингдек, АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Паул Капур ва савдо бўйича палата вакиллари ҳам иштирок этди. Улар Ўзбекистонни зарур ҳамкор деб атади.
Kun.uz билан гаплашган Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқовга кўра, Вашингтон Тошкентни Марказий Осиёдаги асосий ҳамкор сифатида тан олмоқда.
“Алоқаларимиз институционаллашди, АҚШ Ўзбекистоннинг дунёга очилаётгани, янгиланаётганини кўрди. Шунинг учун биз ҳозирги ҳамкорлигимизни узоқ муддатли пойдевор билан қурганмиз”, дейди элчи.
Бундан ташқари, дипломатнинг қўшимча қилишича, президент Мирзиёевнинг Трамп ташаббуси билан қурилаётган “Америка қаҳрамонлари” боғи учун иккита айвонни совға қилгани ҳам катта воқелик.
“Баҳорда у боғда сакура дарахти жуда чиройли гуллайди, бу Япония императоридан совға. Энди унинг ёнида бизнинг президент совғаси бўлган айвонлар ҳам туради”, дейди элчи.
Шунингдек, Kun.uz билан гаплашган Ню Ёркдаги бош консул Жамил Шараповнинг айтишича, бугун ўзбекларни фақат Ватанга бўлган муҳаббат бирлаштирмоқда.
Яна бир ўзбек тадбиркори эса сўнгги йилларда ўзбек ватандошларимиз учун кўплаб консертлар уюштирилаётганини, бироқ виза олишдаги қийинчиликлар сабаб режалар ҳар доим ҳам силлиқ кечмаётганини айтди.
“Оппенҳеимер” инвестиция компанияси Капитал бозорлари департаменти раҳбари Фарҳод Иноғомбоевга кўра, бугун Ўзбекистонга АҚШ керак, АҚШга эса Ўзбекистон керак.
“Қаранг, Ўзбекистоннинг аҳолиси сони ошиб бормоқда, бу катта бозор. Шунингдек, ноёб минерал ресурслар ва табиий қазилмалар, кончилик бугун АҚШ ҳукумати учун доимгиданда қизиқ”, дейди у.

