“Алфия кампир менга пул, машҳурлик ва пойтахтдан уй берди”. Барно Тешабоева машҳур образининг кутилмаган муваффақияти ҳақида (видео)

“Алфия кампир менга пул, машҳурлик ва пойтахтдан уй берди”. Барно Тешабоева машҳур образининг кутилмаган муваффақияти ҳақида (видео)
“Қалпоқ” ҳажвий кўрсатувидаги Алфия кампир образи билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Барно Тешабоева “Дарё лифестйле” ЁуТубе каналига интервю берди. Суҳбат чоғида актриса устози, Ўзбекистон халқ артисти Саида Раметова билан тўй ва келинсалом тадбирларига чиққани, Алфия образи сабаб пойтахтдан уй-жой олгани, машина сотиб олгани, шунингдек, эски “Москвич” машинасида кўрган туши ҳақида гапириб берди.
“Чиройли бўлмаганим учун ўқишга қабул қилишмаган, деб ўйлаганман”
— 10-синфни тугатаётганимда раҳматли онамга санъаткор бўлмоқчилигимни айтганман. Улар бунга қаршилик қилмаган. Онам саккиз фарзандининг қайси касбга қизиқаётгани ва ким бўлишни хоҳлашига ҳеч қачон қарши чиқмаган.
Бир куни онам билан электричкага ўтириб, шаҳарга келдик. Метрога тушиб, “Космонавтлар” бекатидан чиқиб, ўша пайтдаги Н.А. Островский номидаги Тошкент давлат санъат ва рассомчилик институтига ҳужжат топширгани борганимизда, қўрқиб кетганман. Одам шу қадар кўп эди. Мени чўчитган нарса — у ерда сочлари, киприклари узун, қошлари қора жуда чиройли қизлар кўп эди. Мен татар миллати вакилларига ўхшаш, сочларим калта кесилган ҳолатда бўлганман. Қарасам, гўзал қизлар монологлар ўқишяпти. Ҳужжат топширяпман-у, тўқсон фоиз киролмасам керак, деб ўйлаяпман. Бўйлари узун, оппоқ қизларнинг олдида оддий қишлоқ қизи бўлганим учун ўзимга ишонмаганман.
“Биринчи йили ўқишдан йиқилдим”
— Имтиҳон жавоблари чиққунча онам мени бир маданият ходимининг олдига олиб борди ва мендан актриса чиқиш-чиқмаслигини сўради. Ҳалиги аёл мендан актриса чиқмаслигини айтди. Чунки кўзларим ёнмасмиш ва жуда тортинчоқ эмишман. Унинг гапларидан умуман тушкунликка тушмадим. Ўзи умуман табиатан руҳий тушкунликка тушишга мойил эмасман. Ўйлаганимдай, биринчи йили ўқишдан йиқилдим. Тарих фанидан йиқилганим роса алам қилган. Сўнг киролмаганимни ҳаммадан яширдим. Ичимда “10 йилда бўлса ҳам ўқишга кираман”, дедим.
“Машҳур актёр ва актрисалар курсдошим бўлган”
— Иккинчи йили ўқишга қабул қилинганман. У ерда ҳозирги машҳурлардан Лола Элтоева ва Муҳаммадисо Абдулхайировлар билан курсдош бўлдим. Биз бир патокда ўқиганмиз. Ўша йилларда кейинчалик комедик актриса бўламан, деб ўйламаган эканман, дейди Барно Тешабоева.
“Яхши ният — ярим давлат, дейишгани тўғри экан” ёхуд, эски “Москвич”да кўрилган туш ва “Оқ атиргуллар” қўшиғи ҳақида
— Яхши ният қилиш керак, ниятингга яраша беради, дейилгани жуда тўғри экан. Умида Мирҳамидованинг “Оқ атиргуллар” клипига келиб қолишим антиқа бўлган. Қашқадарёдаги бир тадбирдан қайтиб, Тошкентдаги автобуслар бекатига келдим. Бекатда эски “Москвич” турган экан. Ҳайдовчи ёши катта инсон эди. Ундан айтган манзилимга олиб қўйишини сўрадим. Совқотиб кетганимдан машинага шошиб ўтириб, эшикни қаттиқроқ ёпган эканман шекилли, нариги эшиги шарақлаб очилиб кетди.
Машина радиоси ёқилган, паст овозда қайсидир куй янграб турарди. Бир пайт радиобошловчи янги премьера қўшиқ қўйилишини ва унинг хонандаси кимлигини топишни мухлисларга ҳавола этишини айтди. “Ўтар умр, ўтади йиллар…” деган сўзлар билан қўшиқ бошланди. Ҳам совқотганим, ҳам чарчаганим учун қўшиқни уйқу аралаш эшитиб, “Юлдуз Усмонова зўр қўшиқ айтибди”, деб айтяпман ичимда. Бошимни машина ўриндиғига қўйган ҳолатда мудраб борарканман, “қанийди, шу қўшиқнинг клипига мени чақиришса эди, эй Худо”, дедим ва тушимда клипда рол ҳам ўйнаяпман. Хаёлий клипда оқ кўйлакда сувнинг бўйида югуриб борардим. Қаршимдан қаҳрамоним ҳам мен томон югуриб келарди. Мана шундай уйқу ва туш аралаш ўй-хаёллар билан манзилга ҳам етиб келдим.
Бу воқеа апрел ойида бўлган бўлса, орадан 6-7 ой ўтиб, октябр ойида шу қўшиқнинг клипида суратга тушдим. Клипдаги ролим учун бир тийин ҳам гонорар олмаганман. Негаки, унга мени танлашгани учун хурсанд бўлиб, гонорар олиш хаёлимга ҳам келмаган, дейди актриса.
“27—28 йил аввал устозим Саида Раметова билан тўйларда келинсаломлар айтардим”
— 1999-йилдан тўйларга чиқиб қўшиқлар айтишни бошлаганман. 27—28 йил аввал устозим Саида Раметова билан келинсаломлар айтардим. Ўша вақтда Саида опа қўлимдан ушлаб, ўзи билан олиб юрарди. “Сен ҳали мендан ҳам зўр бўлиб кетасан”, дерди. Саида опани роса яхши кўрсам ҳам ўзларига буни айтолмайман. Қанақадир важоҳатлари, қандайдир меҳрлари бор. Иккиси 50 га 50 туради. Бир қарашларидан масофа сақласангиз, бир пайт улар билан яқин бўлгингиз келади. Шунақанги бир сеҳрли аёл. Кейин яна бир зўр одатлари бор, қанийди менда ҳам шу одат бўлса, дейман: айтган шеърларини ёдламасам ёки тўйга кеч борсам урушсалар ҳам, тез кечириб юбораверарди. Ижодим давомида ҳали Саида опамдай бир кунда кўп келинсаломга чиқадиган санъаткорни кўрмадим. Бир кунда тўққизинчи келинсаломни тушдан сўнг соат тўртда ўтказганларини ҳали ҳам эслайман, дейди у.
“Алфия образи менга пул, пойтахтдан уй ва машҳурлик келтирди”
— Алфия образим мени халққа танитди, ўз мухлисларимга эга бўлдим. Аллоҳга беҳисоб шукр, битта образим билан машҳурликка эришдим. Қолаверса, бу қаҳрамон роли пойтахтдан уй-жой, машина, пул ва бахт, оила, фарзанд берди менга. Бир аёл “мен бахтлиман, ҳамма нарсам бор”, дейиши учун нима керак бўлса, барини берди, дейди актриса.
“Маданият вазири бўлганимда…”
— Ёлғон гапиришни ёмон кўраман, шу сабаб тўғрисини айтадиган бўлсам, маданият вазири бўлганимда ўзимга ўзим “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Барно Тешабоева” деган унвонни берган бўлдим. 38 йилдан буён саҳнада ва кўрсатувларда 40 дақиқалаб ярим ўтирган ҳолатда рол ижро этаман. Истаган киши оёғини ярим ўтирган ҳолатда қилиб 15 дақиқа турса билади: охири оёғи оғриганидан қалтирашни бошлайди. Мен эса узоқ йиллардан бери шундай оёғимни қийшайтириб, Алфия кампир образини ижро этиб келаман. Бутун умримни қарияларнинг ролини ижро этишга бағишладим, дейди актриса Барно Тешабоева.

