Лайфстайл

“Мен тилимни тийсам, оилам тинч бўлади”. Актриса Баҳора Арслонова эрига бўйсуниши ва кредитлари сабаб кўпроқ ишлашга мажбур бўлаётгани ҳақида

**"Тилимни тийсам, оилам тинч бўлади": Актриса Баҳора Арслонова турмуш ўртоғига бўйсуниши ва кредитлар сабаб кўпроқ ишлашга мажбур бўлаётгани ҳақида сўзлади**

Таниқли актриса ва уч фарзанднинг онаси Баҳора Арслонова "Гаплашамизми?" лойиҳасига берган интервюсида ўз ҳаёти ҳақида очиқчасига гапирди. У кредитлари туфайли тўй хизматларига чиқишга мажбур бўлаётгани, отаси билан сўнгги учрашуви ва турмуш ўртоғи билан оилавий муносабатларда тушунмовчиликларнинг олдини олиш усуллари ҳақида сўзлаб берди.

**"Ҳозир раҳмат учун рол ўйнамайман"**

Актрисанинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда даромад топиш унинг учун биринчи ўринда туради. "Олдингидек раҳмат учун рол ижро этиб бераверадиган вақт эмас. Сабаби бирор нарса сотиб олмоқчи бўлсангиз, ўз маблағингиз етмай қолади. Менимча, 99 фоиз одамлар харидларини кредит орқали қилишяпти. Ўзимда шундай вазият. Кейин кредитни тўлаш учун ҳам у ишга ҳам, бу ишга ҳам югурасиз. Бу ҳам одатий ҳаёт тарзи — бу ҳам яхшиликка," — деди у.

Ҳозирда Баҳора Арслонова фақат режиссёр Озод Шамс томонидан суратга олинаётган сериал билан банд. Бошқа сериал ва филмларга таклифлар бўлмаётганини айтган актриса, янги чеҳралар пайдо бўлаётгани ва ёш режиссёрлар уларнинг маҳоратини билмаслиги мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳозир интернет ривожланган бўлиб, актёр-актрисалар телевизордан кўра Инстаграмъда машҳурроқ. Бироқ, у аввалги пайтлардек бир дастурхон атрофида йиғилиб, иссиқ чойлар билан ўзбек филмларини томоша қилишни хоҳлашини билдирди.

Актриса реклама ва тўйлардаги бошловчиликдан ҳам даромад олаётганини маълум қилди. "Ҳозир санъаткорни ҳам, бозорчини ҳам, тикувчи-ю операторни ҳам — ҳаммани тўй боқяпти. Кредитлар олгандан кейин инсон ўзини ҳамма жойга ураркан," — дея қўшимча қилди у.

**"Отам Ҳаж зиёрати вақтида ўз туғилган кунида вафот этди"**

Баҳора Арслонова марҳум отаси ҳақида ҳам сўзлаб берди. "Раҳматли отам прокурор эди, менга доим ҳаётнинг яхши томонларини кўрсатган. Жуда эрка фарзанд бўлганман, менимча, ҳозирги қизлар ҳам менчалик эрка бўлмаса керак. Қиз бола бўла туриб тилимдан жуда ёмон гаплар чиқса ҳам, шуларни кўтарган. Барча сирларимни, дардларимни унга айтардим. Шундай инсон бирдан йўқ бўлиб қолса, ёмон бўларкан. Ўзимга келишим жуда қийин бўлган, ҳатто, эй Худо жонимни ол деб ҳам сўраганман," — деди у.

Актриса отасининг Ҳаж амалини адо этиб кетганидан миннатдор эканлигини билдирди. Отаси билан сўнгги марта туғилган кунида, Маккага кетишидан олдин учрашганини эслади. "Дадамнинг учта рафиқаси бўлган, учинчи онамнинг уйига бориб, ҳаммамиз йиғилганмиз. Катта дастурхон атрофида ўтирганмиз. Ҳажга кетишлари, у ердан кимга қандай совға-салом олиб келишлари ҳақида гаплашганмиз. Хайрлашаётган пайтимизда қулоғим остидан 'Даданг билан суратга туш' дегандек овоз келди. Ҳамма ака-опаларим, сингилларим, оила аъзоларим, дадамни турғазиб расмга тушдик. Бу бизнинг отам билан охирги суратимиз бўлиб қолди," — дея ҳикоя қилди Баҳора Арслонова.

Унинг отаси Қурбон исмли бўлиб, Қурбон ҳайитида туғилган. Макка шаҳрида Ҳаж амалларини адо этиб, туғилган куни санасида, 63 ёшида, Қурбон ҳайити куни оламдан ўтган. "Ўша куни ҳам яқин дўстига 'Бугун мен кетаман, хайрлашиб олгин' дебди. Дўсти 'Кўп ҳазиллашяпсан, ундай дема', деса ҳам отам 'Йўқ, кетаман' дебди. Дўсти отамнинг ёнига боргунича унинг жони узилиб бўлган экан. Дадамни ўша ерда дафн қилишди. Катта акам бориб келди, у ҳам Ҳаждан қайтгач вафот этди. Энди қолган акаларим боришса, кейин биз бора оламиз. Улардан олдин бориш бизда тарбиясизликка йўйилади. Насиб қилган куни, улардан кейин, албатта, борамиз. Вақти келса, отам билан жаннатларда кўришаман," — деди актриса.

**"Аёллар сабабли эрим ишга жойлашолмади"**

Баҳора Арслонова ҳозирги кунда кўплаб ташкилотларда аёлларга имкониятлар ва иш ўринлари берилаётгани, бунинг ортидан кўп эркаклар ишсиз қолиб кетаётганидан хавотир билдирди. "Аслида оиланинг масъулиятини эркак ўз зиммасига олиши керак. Унинг айтгани айтган, дегани деган бўлиши керак. Унинг пулида барака бор. Аммо ҳозир аёлларга иш кўпроқ бўгани учун бу масалада эркаклар бироз ортга кетяпти. Лекин ҳаракат қилишяпти," — деди у.

Ўз турмуш ўртоғини мисол қилиб келтирган актриса, унинг яхши компанияда ишлаганини, аммо компания ёпилиб кетганини айтди. Бошқа жойга ишга борса, раҳбари аёл киши бўлгани, яна бошқа жойда эса бўш ўрин йўқлиги сабабли иш топа олмаган. Охир-оқибат тадбиркор бўлган. "Ҳозир қаёққа қараманг, уста ҳам аёл киши, шафёр ҳам аёллар — тўғри, улар ҳам оиласини боқиш дардида ишлайди. Буни жуда яхши тушунаман. Мен эркаклар янада жасоратли, янада меҳнацевар бўлишларини хоҳлардим," — дея таъкидлади Баҳора Арслонова.

**"Мен тилимни тийсам, оиламда жанжал бўлмайди"**

Актриса оилани сақлаб қолиш учун аёллар тилини тийиши кераклигини таъкидлади. "Мен тилимни тийсам, оилам тинч бўлади, бўлмаса уруш-жанжал бўлаверадиде. Эрим мени ноҳақ айбласа ҳам, жим тураман. Кейин барибир ўзи тушуниб етиб, узр сўрайди. Гапир деса ҳам 'Ҳа, йўқ, хўп бўлади'дан бошқасига ўтмайман. Мен учун энг асосийси аёл киши тилини тийиши," — дея сўзларини якунлади Баҳора Арслонова.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.