Александр Вучич Сербия президенти лавозимидан сентябр охирида кетишини айтди

Александр Вучич Сербия президенти лавозимини сентябр охирида тарк этишини билдирди
Сербия президенти Александр Вучич 25 ёки 26-сентябр куни лавозимидан истеъфо беришини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ню Ёркдан қайтгач истеъфо беради ва ундан кейин парламент сайлови кампаниясида оддий фуқаро сифатида қатнашади.
“Бош вазир лавозими учун Республика президенти сифатида кампания олиб боришни истамайман. Бу қонун талаби эмас, менинг хоҳишим”, деди Вучич.
У Сербияда президентликдан истеъфо бериб, кейин оддий фуқаро сифатида сайлов кампаниясини олиб борган раҳбар бўлмаганини ҳам таъкидлади.
Вучич кампаниянинг сўнгги бир ойида ўз автомобилида мамлакат бўйлаб юришини айтди. У кичик юк машинасини ҳам олиб, шаҳар ва қишлоқларда одамлар олдида чиқиш қилишни режалаштирмоқда.
“Олдиндан махсус режасиз юраман. Қайси қишлоқ ёки шаҳарга борсам, одамларга бир неча оғиз гап айтаман”, дейди Сербия президенти.
Сербияда муддатидан олдинги парламент сайлови 25-октябр куни бўлиб ўтади. Вучич 9-сентябрда парламентни тарқатиб юборганди. Навбатдаги парламент сайлови аслида 2027-йил декабрига режалаштирилган эди.
Ҳукмрон Сербия прогрессив партияси Вучични сайловда ғалаба қозонган тақдирда бош вазир лавозимига номзод сифатида илгари сурган. У иккинчи президентлик муддатини ўтаётгани сабаб яна президентликка номзод бўла олмайди.
25-октябрдаги сайлов Сербияда қарийб икки йилдан бери давом этаётган ҳукуматга қарши намойишлар фонида ўтади. Норозиликлар 2024-йил ноябрда Нови-Сад темирйўл вокзалида соябон қулаб, 16 киши ҳалок бўлганидан кейин бошланган. Намойищилар фожиани коррупсия ва давлат назоратидаги камчиликлар билан боғламоқда, расмийлар эса айбловларни рад этади.
Вучич июн ойида ҳам яна бир неча ҳафта президент бўлиб, кейин истеъфога чиқишини айтганди.

