АББ Давр Банкъдаги улушни сотиб олишни якунлади

АББ Давр Банкъдаги улушни сотиб олиш жараёнини якунлади.
Озарбайжоннинг энг йирик давлат банки бўлмиш АББ Ўзбекистондаги Давр Банкъни хусусийлаштиришни якунлади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи чоғида намойиш этилган қўшма лойиҳалар ҳақидаги видеолавҳада маълум қилинди.
Видеолавҳада шундай дейилади: “Молия соҳасида Озарбайжон Халқаро банки Давр Банкъдаги улушни сотиб олишни якунлади. Бу икки мамлакатнинг банк соҳасидаги ҳамкорлигида янги босқични бошлаб беради”.
23-август куни икки давлат президентлари Ўзбекистонда Озарбайжон инвестиция лойиҳаларининг очилиши ва уларга тамал тоши қўйилишига бағишланган онлайн маросимда иштирок этган эди. Давр Банк очилган учта лойиҳадан бири бўлди.
Илҳом Алиев ОАВ вакиллари билан учрашувда икки томонлама банк соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида гапириб, Озарбайжоннинг етакчи банки Ўзбекистон бозорига кирганини таъкидлади.
22-август куни Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари ИВ форумида АББънинг Ўзбекистон банк бозорига киришини маълум қилган эди.
Озарбайжон вазири шундай деган: “Бугун Озарбайжон ва бутун Жанубий Кавказ минтақасининг энг йирик банки — АББ билан шартнома имзоланади. Ушбу келишув банкнинг ҳамкорлик ва Давр Банкъдаги улушни сотиб олиш орқали Ўзбекистон бозорига кириб келишини англатади”.
Озарбайжон АББ банки Давр Банкънинг 51 фоиз улушини сотиб олмоқчилиги ҳақида 2026-йил май ойида маълум бўлган эди. Июн ойида Давр Банк аксиядорлари АББ билан банк аксияларининг 51 фоизини сотиш бўйича эҳтимолий келишув юзасидан музокараларни давом эттиришни маъқуллаган эди.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Давр Банк хусусий аксиядорлик тижорат банки 2001-йил 29-сентябрда давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, унинг устав фонди 500 млрд сўмни ташкил этади.
Озарбайжон халқаро банки — АББ 1992-йил 10-январда аксиядорлик тижорат банки сифатида фаолиятини бошлаган. Банкнинг бош офиси Боку шаҳрида жойлашган бўлиб, у Жанубий Кавказ минтақасидаги йирик банклардан бири ҳисобланади.

