“7-октабр ҳужумидан олдин Нетаняҳу огоҳлантирилган бўлиши мумкин” – сиёсацҳунос

“7-октабр ҳужумидан олдин Нетаняҳу огоҳлантирилган бўлиши мумкин” – сиёсацҳунос
Бенямин Нетаняҳунинг Абу-Дабига аввал ошкор қилинмаган сафари ортидан унинг асл мақсади ҳақида турли хабарлар тарқалди. Учрашувда Эрон ва ҳусийчилар таҳдиди, Исроил ва БАА ўртасидаги хавфсизлик ҳамкорлиги ҳамда разведка маълумотлари алмашинуви муҳокама қилингани айтилмоқда. Шунингдек, музокараларда Саудия Арабистони вакили ҳам қатнашгани ҳақидаги хабарлар эътиборни тортди. Нетаняҳунинг ташрифи Исроилда яқинлашаётган сайловлар фонида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Нетаняҳунинг Абу-Дабига навбатдаги махфий ташрифи ортида қандай масалалар турибди?
Ҳозир Исроилдаги ва халқаро оммавий ахборот воситаларида шунга ўхшаш воқеалар кенг ёритилмоқда. Бундан Бенямин Нетаняҳуга қарши сиёсий гуруҳлар ҳам фаол фойдаланмоқда. Хусусан, улар Нетаняҳунинг 7-октабр воқеаларидан олдиндан хабардор бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни кенг тарқатмоқда. Нетаняҳу бу даъволарни рад этиб, бундай хабарларни тарқатаётганларни судга беришини билдирган. Бироқ масаланинг яна бир жиҳати бор. Бирлашган Араб Амирликлари раҳбари ҳам бу маълумотларни қатъиян инкор этмаётгани ҳақидаги хабарлар вазиятга қўшимча тус бермоқда.
Тарқатилаётган маълумотларга кўра, 2023-йил 7-октабр куни Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми содир бўлишидан камида ўн кун олдин БАА президенти телефон орқали Нетаняҳу билан боғланиб, ҳужум эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, Абу-Дабидаги учрашувнинг сиёсий аҳамияти ва унинг атрофидаги саволлар янада кучаяди. Бу ҳақда нуфузли нашрлар ва бошқа журналистлар ҳам ёзмоқда. Айрим материалларда бу хабарларнинг ишончлилигига ишора қилувчи маълумотлар келтирилган. Ташрифнинг яна бир эҳтимолий сабаби — Исроилда яқинлашаётган парламент сайловлари. Агар Нетаняҳу 7-октабр ҳужумидан олдиндан хабардор бўлган деган даъволар жамоатчилик орасида кучайса, бу унинг сиёсий мавқеига таъсир қилиши мумкин.
Шу сабабли Абу-Дабидаги учрашувда мазкур маълумотларнинг тарқалишини тўхтатиш ёки бу масалани ёпиш ҳақида гап бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар пайдо бўлмоқда. Бунга билвосита далил сифатида ўша даврда Бирлашган Араб Амирликларига турли давлатлардан келган самолётлар ҳам тилга олинмоқда. Айрим ҳарбий тадқиқот институтлари маълумотларига кўра, Саудия Арабистони, Қатар, Миср ва бошқа давлатларга тегишли ҳарбий ёки юк самолётлари ҳам айни даврда Абу-Дабига парвоз қилган. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, ўша кунларда Абу-Дабида муайян сиёсий учрашувлар бўлиб ўтган бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Нетаняҳунинг ташрифини сайловолди жараёни ва унинг сиёсий мавқеини сақлаб қолиш ҳаракатлари билан боғлаётган қарашлар мавжуд.

