Сиёсат

Исроил собиқ мудофаа вазири Нетаняхуни ҳокимиятдан четлатишга чақирди

Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Моше Яалон бош вазир Бинямин Нетаняхуни лавозимидан четлатишга чақирди. Бу ҳақда Анадолу агентлиги Яалоннинг Х ижтимоий тармоғидаги постига таяниб хабар берди.

Яалон Исроилнинг 18-август куни Суриядаги Абу ад-Духур авиабазасига берган зарбасини қоралади. Нетаняхунинг идораси бу ҳужум Туркия ҳарбийларининг авиабазага жойлашишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилганини маълум қилган.

Анқара расман ўз қўшинларини мазкур авиабазага юборишни режалаштирмаганини таъкидлаган. Яалоннинг фикрича, ушбу ҳужум Исроилнинг Туркия билан муносабатларида кескинликни келтириб чиқарган ва Нетаняхуни янги фронт очишга уринишда айбламоқда.

Собиқ мудофаа вазири Ғазо масаласига ҳам тўхталиб, АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан асос солинган Тинчлик кенгаши ва унинг 15 банддан иборат ҳужжати Исроил учун фойдасиз эканини билдирди.

Сурияга қилинган ҳужумни Исроилнинг собиқ бош вазири Эхуд Барак ҳам қоралади. У Нетаняхунинг ҳаракатларини қиморбозникига қиёслаб, унинг бутунлай издан чиққанини таъкидлади.

“Бундан сиёсий мақсад кўзланган: сайловларгача етиб бориш учун аҳоли орасида хавотир уйғотадиган бир қатор хавфсизлик билан боғлиқ вазиятларни яратиш”, деди Эхуд Барак.

Исроилда парламент сайловлари 27-октябр куни бўлиб ўтади. Ҳукмрон “Ликуд” партияси етакчиси Нетаняху яна бош вазирлик учун курашмоқчи.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.