Дунё

12 800-йил аввал Ерни нима совитган: кометами ёки вулқонлар?

Тахминан 12 800-йил аввал бошланган кескин совиш сабаблари ҳақидаги баҳсга янги тадқиқотлар қўшилди. Флоридадаги чўкиндиларни ўрганган олимлар вулқон отилишлари изларини аниқлаганини билдирмоқда. Гренландия музларини таҳлил қилган бошқа гуруҳ эса топилмаларни космик жисм зарбаси билан боғламоқда. Ҳозирча бу фаразлардан бирортаси масалага узил-кесил жавоб бергани йўқ.

12 800 йил аввал Ерни нима совитган: кометами ёки вулқонлар?

Кечки дриас деб аталадиган совуқ давр сўнгги музланиш охирида бошланган. Унинг сабабларини изоҳлашга қаратилган фаразлардан бирига кўра, ўша даврда Ерга комета ёки унинг бўлаклари урилган бўлиши мумкин. 2026-йилда чоп этилган икки тадқиқот эса бу ҳодисага турлича тушунтириш бермоқда.

Люсен Нана Ёбо раҳбарлигидаги гуруҳ Флоридадаги Пейж-Ладсон сувости археологик ёдгорлиги чўкиндиларини таҳлил қилган.

Бу жойда кечки дриас бошланишини қамраб оладиган, ёши аниқ белгиланган узлуксиз чўкинди қатламлари сақланган. Олимлар улардаги осмий изотоплари нисбатини, шунингдек, рений ва моддаларнинг келиб чиқишини ажратишга ёрдам берадиган бошқа элементлар миқдорини текширган.

Совиш бошланган даврга тўғри келадиган қатламларда осмийнинг изотоп таркиби ўзгаргани, осмий ва рений миқдори эса ошгани аниқланган. Бироқ элементларнинг ўзаро нисбати метеорит моддасидан кўра вулқон аерозолларига — отилиш вақтида атмосферага тарқаладиган майда заррачаларга — кўпроқ мос келган.

Муаллифлар фикрича, топилган кимёвий изларни коинотдан келган модда билан эмас, балки вулқон отилиши маҳсулотлари билан изоҳлаш мантиқийроқ.

Тадқиқотчилар талқинига кўра, қисқа вақт ичида содир бўлган бир нечта йирик отилиш Атлантика океанидаги сув айланишини издан чиқариб, иқлим ўзгаришларини бошлаб берган бўлиши мумкин.

«Тадқиқотимиз асосий ролни космик зарба эмас, вулқон фаоллиги ўйнаганига доир ишончли геокимёвий далиллар беради», - деган етакчи муаллиф Люсен Нана Ёбо.

Космик зарба фарази тарафдорлари эса Гренландиядан олинган намуналарга таяняпти.

Улар Кангерлуссуак ҳудудида, муз қалқони четидаги муз қатламларини ўрганган. Чангга бой қорамтир қатламда зарбага хос микротузилмаларга эга кварс, эриб қайта қотган шиша, майда шарсимон заррачалар, углеродли заррачалар ва айрим металлар, жумладан, платина гуруҳи элементлари билан бойиган нанозаррачалар тасвирланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.