Зидан яқин кунларда Франсия миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланади — Романо

Зинедин Зидан яқин кунларда Франсия миллий жамоасининг бош мураббийи сифатида тайинланиши кутилмоқда — бу ҳақда таниқли инсайдер ва журналист Фабрицио Романо ма'лум қилди. Мадриднинг “Реал” клубининг собиқ устози Зидан ЖЧ-2026 мусобақаси тугагач, Франсия терма жамоасини бошқаришни бошлайди.
Франсия терма жамоаси ушбу турнирдаги иштирокини амалдаги мураббий Дидье Дешам раҳбарлигида якунлайди. Дешам аввалроқ мусобақа тугагач, ўз лавозимини тарк этишини э'лон қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 ярим финалида Франсия Испанияга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Учинчи ўрин учун баҳсда “учранглилар” Аргентина ва Англия ўртасидаги иккинчи ярим финал ўйинида мағлуб бўлган жамоага қарши майдонга тушади. Ушбу баҳс 18-июлдан 19-июлга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 02:00 да бошланади.
Дидье Дешам миллий жамоани 2012-йилдан буён бошқариб келмоқда ва 2018-йилда унинг мураббийлиги остида франсузлар Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Зинедин Зидан эса аввалги фаолиятида клуб футболида кўплаб муваффақиятларга эришган. У 2016—2018 ва 2019—2021-йилларда Мадриднинг “Реал” клубида бош мураббий сифатида уч марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган, икки марта Испания чемпиони бўлган ва бошқа бир қатор халқаро совринларга эга чиққан.

