Зангиотада машҳур брендлар номи туширилган минглаб идишлар топилди
Зангиота туманида яширин цех ташкил этиб, машҳур брендлар номи остида гигиеник косметика ва маиший кимё воситалари ишлаб чиқариш ҳолати фош этилди. Цехдан 2 тонна АЗЕЛИТ суюқлиги, 200 литр СЛЕАР шампуни ҳамда турли брендлар номи туширилган минглаб бўш идишлар топилган.

Зангиота туманида машҳур брендларнинг номлари туширилган минглаб идишлар топилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Зангиота тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаролар N.Sh. ва аввал судланган Қ.Н. "Найман" МФЙ ҳудудидаги бинолардан бирида яширин цех ташкил этиб, гигиеник косметика ва маиший кимёвий воситалар ишлаб чиқараётгани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида ушбу цехда 2 тонна АЗЕЛИТ суюқлиги ва 200 литр СЛЕАР шампуни мусодара қилинди. Шунингдек, Элсеве номли 4 800 дона, АЗЕЛИТ номли 2 040 дона ва СЛЕАР номли 1 400 дона бўш идишлар топилди. Бундан ташқари, 79 та ўрамда олти турдаги товар белгиси этикеткалари ҳамда маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа воситалар ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-11-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

