Йил бошидан бери Тошкентда қарийб 80 минг йўловчи автобусда чиптасиз юргани учун жаримага тортилди
2026-йил бошидан буён Тошкентда автобусларда чиптасиз ҳаракатланган қарийб 80 минг йўловчи жаримага тортилди. Ундирилган жарималарнинг умумий миқдори қарийб 2 млрд сўмни ташкил этди.

Йил бошидан буён Тошкентда қарийб 80 минг йўловчи автобусда чиптасиз юргани учун жаримага тортилди. Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 2026-йил бошидан бери Тошкент автобусларида чиптасиз ҳаракатланган 79,6 минг йўловчи маъмурий жавобгарликка тортилган. Улардан 10,5 минг нафарига нисбатан баённома июл ойида расмийлаштирилган.
Жазо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-қисми (шаҳар ва шаҳар атрофида қатновчи троллейбус, трамвай ва автобусларда чиптасиз юриш) асосида қўлланилади. Жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми – 41,2 минг сўмни ташкил этади.
Йил бошидан буён ундирилган жарималарнинг умумий суммаси қарийб 2 миллиард сўмга етган. Шундан 234,6 миллион сўми июл ойида ундирилган.
Текширув рейдлари “Тошкент шаҳри йўловчи ташишларини мониторинг ва назорат қилиш” муассасаси назоратчилари томонидан ўтказилмоқда. Январдан буён пойтахтдаги 82 та автобус йўналишида рейдлар ташкил этилган.
Тошкентда автобусларда чиптасиз юрганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш амалиёти 2025-йил 14-мартдан бошланган.

