Маҳаллий

Тошкентда йил бошидан буён автобусларда чиптасиз юрган қарийб 80 минг йўловчи жаримага тортилди

Тошкентда 2026-йил бошидан буён автобусларда чиптасиз йўл юрган 79,6 мингдан ортиқ йўловчига маъмурий баённома расмийлаштирилди. Уларга жами қарийб 2 млрд сўм жарима қўлланилди. Июл ойида эса 10,5 мингдан зиёд қоидабузар аниқланди.

Тошкентда жорий йил бошидан буён автобусларда чиптасиз ҳаракатланган қарийб 80 минг йўловчига жарима солинди. Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 2026-йил бошидан буён 79 618 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган бўлиб, шундан 10 535 таси июл ойига тўғри келади.

Вазирликнинг хабар беришича, чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-қисми (Йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши) асосида чора кўрилган. Ҳар бир қоидабузарга БҲМнинг ўндан бир қисми, яъни 41,2 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган.

Шу тариқа, йил бошидан буён ундирилган жарималарнинг умумий суммаси 1 миллиард 988 миллион сўмни ташкил этган. Шундан 234,6 миллион сўми июл ойида ундирилган.

Транспорт вазирлиги автобусларда тўлов интизомини ошириш мақсадида мунтазам назорат рейдлари ўтказилаётганини қайд этди. Хусусан, йўл ҳақи тушуми камайиб бораётган йўналишларда мақсадли текширувлар ташкил этилган. Июл ойида 17 та, йил бошидан буён эса 82 та автобус йўналишида бундай назорат тадбирлари ўтказилган.

Вазирлик жамоат транспорти тизимининг барқарор ишлаши йўл ҳақи тушумларига боғлиқлигини таъкидлаб, йўловчиларни йўл ҳақини ўз вақтида ва белгиланган тартибда тўлашга чақирди. Бу автобуслар ҳаракати мунтазамлигини таъминлаш, хизмат сифатини ошириш ва жамоат транспортини ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, январ-март ойларида Тошкент автобусларида йўл ҳақини тўламаганларга нисбатан 32 мингдан ортиқ баённома расмийлаштирилган эди. Чиптасиз юрганларни жаримага тортиш 2025-йил 14-мартдан бошланган ва ўша йил охиригача чиптасиз юрган йўловчилар 22 500 нафарни ташкил қилган.

“Тошшаҳартрансхизмат” 2026-йилнинг 4 ойида Тошкент автобусларида йўл ҳақини тўламаган 50 мингдан ортиқ фуқаро жаримага тортилганини маълум қилганди. Яқин орада чиптасиз йўловчиларни сунъий интеллект орқали назорат қилишни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳам айтилганди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, 1-сентабрдан автоматлаштирилган тўлов тизими (валидатор) билан жиҳозланган автобусларда йўл ҳақини транспорт картаси, банк картаси, смартфон ёки бошқа контакциз электрон тўлов воситалари орқали автобусга чиқиш пайтида тўлаш талаб этилади. Агар йўлкира автобусга чиқиш вақтида тўланмаса, йўловчи чиптасиз юрган деб ҳисобланади.

transport ministryfinesbus faresfare evasionpayment disciplinepublic transporttashkentautomated payment system