Хитой сафарига яқинларини юборган Қўшработ ва Каттақўрғон туманлари ҳокимларига ҳайфсан берилди
Ўз хотини ва ўғлини делегация таркибида Хитойга юборган Қўшработ тумани ҳокими ҳамда делегация ичига сафар мақсадига алоқаси бўлмаган ходимини ҳам киритган Каттақўрғон тумани ҳокими интизомий жазога тортилди. Антикоррупсия агентлиги тақдимномасидан сўнг уларга ҳайфсан берилди.

Қўшработ ва Каттақўрғон туманлари ҳокимлари ўз яқин қариндошларини Хитойга хизмат сафарларига юборганликлари сабабли ҳайфсан олдилар. Бу ҳақда 28-июл куни Антикоррупсия агентлигида бўлиб ўтган жамоатчилик эшитувида маълум қилинди, дея хабар беради Газета мухбири.
Коррупсияга қарши курашиш агентлиги бўлим бошлиғи Абдуҳамид Эргашевнинг сўзларига кўра, агентлик 26-феврал куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон ва Қўшработ туманлари ҳокимлари бўйича тақдимнома киритган.
"Шундан сўнг хизмат текшируви ўтказилди. Унда бизнинг вакил ҳам бевосита иштирок этиб, ҳолатни жойида ўрганди. Натижалар Одоб-ахлоқ комиссиясида муҳокама қилинди ва унинг тавсиясига асосан, вилоят ҳокими томонидан Каттақўрғон тумани ҳокими Насриддинов ҳамда Қўшработ тумани ҳокими Шакарбоевга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди", — дейди агентлик расмийси.
Антикоррупсия агентлигининг 2026-йил март ойида маълум қилишича, Қўшработ ва Каттақўрғон туманлари ҳокимликлари мансабдор шахслари томонидан хизмат сафарларига нафақат яқин қариндошлари, балки сафарга бевосита алоқадор бўлмаган ходимларнинг ҳам юборилгани аниқланган.
Таъкидланишича, Хитойда Марказий Осиё давлатларининг профессионал фермерлари учун ташкил этилган семинарга Қўшработ туман ҳокимининг ҳайдовчиси М.Т. ва ҳокимнинг ўғли Д.D.lar хизмат сафарига юборилган.
Бундан ташқари, Хитойда ташкил этилган "Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қайта ишлашни ташкил этиш" бўйича махсус ўқув курсларида Қўшработ туманидаги соҳага алоқадор ҳокимлик вакиллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилгани кўрсатилиб, 32 нафар шахсдан иборат делегация таркиби (рўйхат) тақдим қилинган.
"Бироқ, рўйхатни ўрганиш давомида айрим делегация вакиллари, жумладан, туман ҳокимининг турмуш ўртоғи M.Sh., ҳокимлик бошқа мансабдор шахсининг яқин қариндоши Ч.H.lar рўйхатга асоссиз равишда киритилгани маълум бўлди. Шунингдек, рўйхатдаги Н.Х. ва М.S.lar Қўшработ туманидаги 1-сон техникум ходимлари сифатида расмийлаштирилган бўлиб, аслида улар ушбу техникумда ишламаслиги ойдинлашди", — дейилади агентлик баёнотида.
Қайд этилишича, Каттақўрғон туман ҳокимлиги томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва савдо шартномалари бўйича янги келишувларга эришиш мақсадида 2025-йилнинг 22−30-май кунлари Хитойга хизмат сафари ташкил этилиб, делегация таркибига сафар мақсадларига тўғридан-тўғри алоқадорлиги бўлмаган ҳокимлик ходими ҳам киритилган.
"Kun.uz" нашр этган мақолада Каттақўрғон тумани ҳокимлиги 2025-йил 15-августда Хитой сафаридан эълон қилган суратларда туман ҳокими Жамшид Насриддиновнинг ўсмир ёшдаги ўғли ҳам акс этгани ҳақида ёзган. Аммо агентлик баёнотида бу ҳақда сўз бормаган.
"Давлат раҳбарининг 2021-йил 16-июндаги фармонида мансабдор шахсларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳақидаги ахборотлар очиқ эълон қилиниши белгиланган бўлишига қарамай, Каттақўрғон ҳамда Қўшработ туманлари ҳокимликлари томонидан ушбу маълумотлар асоссиз равишда яширилгани аниқланди", — дейилганди агентлик ахборотида.
Аввалроқ, 2025-йилда Санкт-Петербургда ўтган битирувчилар байрамига Самарқанд вилоятида амалдорлар ўз фарзанди, жияни ва яқинларини юборгани аниқланиб, улардан 28 млн сўм ундирилгани ҳамда мазкур байрамга ўз фарзанди ва жиянини ҳам юборган Самарқанд вилояти мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ишдан олингани, бошқарманинг яна 5 ходимига интизомий жазо кўрилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

