Маҳаллий

Бухоро ва Қашқадарёда ер майдонларини расмийлаштириш учун пора олган икки мансабдор ушланди

ДХХ Бухоро ва Қашқадарёда ер майдонлари ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига пора олганликда гумонланаётган икки мансабдор ушланганини маълум қилди. Улардан бири 2,5 минг, иккинчиси эса 1 минг доллар олган вақтида қўлга тушган. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ер майдонларини расмийлаштириш жараёнида пора олишда гумон қилинган икки мансабдор шахс ҳибсга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) маълум қилди.

Бухоро вилоятида Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармасининг бўлим бошлиғи маҳаллий фуқародан 2,5 минг доллар олаётган вақтида қўлга тушди. ДХХ хабарига кўра, у Ромитан тумани ҳокимлиги захирасидаги 65 квадрат метр ер майдонида 2015-йилда рухсациз қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш биноси ҳамда унга туташ 35 квадрат метр бўш ер участкасини фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Қашқадарё вилоятида эса Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг Кўкдала тумани бўлими бош мутахассиси ҳибсга олинди. Тергов маълумотларига кўра, у 2019-йилда Чироқчи тумани ҳокими қарори билан ажратилган 1 сотих ер майдони учун кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, давлат рўйхатидан ўтказиб бериш эвазига 1 минг доллар талаб қилган. У талаб қилинган пулни олаётган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қараш курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида ҳам ноқонуний пул талаб қилган кадастр ходими ҳамда ер майдонини сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинган эди.

uzbekistanarrestscorruptionbriberybukharalandofficialskashkadarya