Вилдберриес омборларини Қирғизистонга кўчириш таклиф қилинди

Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти Темир Сариев Вилдберриес компаниясининг айрим логистика обьектлари ва омборларини Қирғизистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.
Қирғизистон Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, Темир Сариев ушбу таклифни Қирғизистон—Россия ишбилармонлар кенгаши йиғилишида билдирди. Йиғилишда ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш шартлари муҳокама қилинган. Сариев савдо йўлидаги учта асосий тўсиқни санаб ўтди:
* **Бурократия ва тартиб-қоидалар:** Маркировка ва ҳужжатлардаги тафовутлар туфайли бизнес такрорий текширувлардан ўтишга мажбур бўлмоқда.
* **Чегарадаги ушланишлар:** Санитария текширувларининг мувофиқлаштирилмагани ва навбатлар товарларнинг бузилишига олиб келмоқда.
* **Маркетплейс хатарлари:** Россиядаги Вилдберриес омборларида юз бераётган фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар қирғизистонлик ишлаб чиқарувчиларга бевосита зарар етказмоқда.
“Омборларни Қирғизистонга жойлаштириш нафақат фойда келтиради, балки хавф-хатарларни камайтиришга ҳам ёрдам беради. Товарларни битта жойда сақлаб бўлмайди”, деди Қирғизистон Савдо-саноат палатаси раҳбари.
**Вилдберриесъга ҳужумлар**
Украина 18-июлдан бошлаб Москва яқинидаги Электростал (250 минг квадрат метр), Тамбов вилоятининг Котовск (108 минг квадрат метр), Краснодар (100 минг квадрат метр), Ставропол ўлкасининг Невинномисск (94 минг квадрат метр) шаҳарлари, шунингдек, Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Рязан шаҳарларидаги ВБ мажмуаларига ҳужум қилди.
Омборлардаги товарларнинг аксарияти кредит ҳисобига сотиб олинган, улар учун солиқлар тўланган, етказиб берувчилар олдидаги мажбуриятлар эса сақланиб қолган. Украина президенти Владимир Зеленский Вилдберриесъга қилинган ҳужумларни омборларда дронлар ва навигация ускуналари учун қисмлар сақлангани билан изоҳлаганди.
Вилдберриес Украина ҳужумларидан зарар кўрган сотувчиларга компенсация тўлашни бошлаган. Компания офертасида маркетплейс дрон ҳужумлари учун жавобгарликдан озод этилган. Компания раҳбари Татяна Ким, шунга қарамай, “сотувчиларни ташлаб қўймасликлари”ни айтди. Иқтисодий зарар камида 180 миллиард рублга баҳоланмоқда. Шу билан бирга, аввалроқ Вилдберриес дрон ҳужумлари сабабли Қозоғистонда омбор излаётгани ҳақида хабар берилганди.

