Вилдберриес дрон ҳужумлари сабабли Қозоғистонда омбор изламоқда

Вилдберриес дрон ҳужумлари сабабли Қозоғистонда омбор изламоқда
Россиянинг энг йирик онлайн савдо платформаси бўлган Вилдберриес, Украинанинг логистика марказларига уюштирган ҳужумлари туфайли Қозоғистонда янги омборхона қидиришга киришди. Бу ҳақда "Коммерсант" нашри кўчмас мулк бозоридаги тўртта манбага таяниб хабар берди.
Ҳозирда компания 100 минг квадрат метр майдон изламоқда. Манбалардан бирининг таъкидлашича, Вилдберриес Қозоғистондаги барча мавжуд омборларни ижарага олишга тайёр. "Коммерсант" манбаларининг тушунтиришича, бу қадам билан маркетплейс ўз қувватларининг бир қисмини Украина дронлари ҳужумларидан ҳимоя қилишни режалаштирмоқда.
Қозоғистонда мос обьектларни топиш осон бўлмаслиги мумкин. НФ Гроуп маълумотларига кўра, 2025-йил охирига келиб мамлакатда 1,9 миллион квадрат метр сифатли логистика майдонлари мавжуд бўлган, аммо уларнинг атиги 5,8 фоизигина бўш турибди.
ИБС Глобал кўчмас-мулк бошқаруви ҳамкори Станислав Аҳмедзяновнинг таъкидлашича, Қозоғистон бозорида 100 минг квадрат метрлик ягона блок мавжуд эмас. 2026-йил июн ойи охирига келиб, турли шаҳарларда жами 130 минг квадрат метр бўш майдон мавжуд бўлган. Ижаранинг ўртача нархи ойига 1 квадрат метр учун 5,18 минг тенгени (10,78 доллар) ёки йилига 130 долларни ташкил этган.
Вилдберриес Россияда ҳам логистика инфратузилмасини кенгайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ, Россиядаги бўш омбор эгалари ҳужум хавфи туфайли маркетплейс билан янги ижара шартномаларини имзолашга тайёр эмаслар. Вилдберриес стандарт суғурта полислари омборнинг дрон зарбаларидан кўрилган зарарини қопламаслигини таъкидлаган эди.
Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, Вилдберриес ўзи фаолият юритаётган мамлакатларда логистика обьектларини қуриш бўйича режали ишларни олиб бормоқда. Хусусан, Олмаота шаҳрида 100 минг квадрат метрдан ортиқ майдонга эга марказ, шунингдек, Остонада 160 минг квадрат метрдан ортиқ майдонга эга обьект қурилмоқда.
**Вилдберриесъга ҳужумлар**
Украина 18-июлдан бошлаб Москва яқинидаги Электростал (250 минг квадрат метр), Тамбов вилоятининг Котовск (108 минг квадрат метр), Краснодар (100 минг квадрат метр), Ставропол ўлкасининг Невинномисск (94 минг квадрат метр) шаҳарлари, шунингдек, Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Рязан шаҳарларидаги ВБ мажмуаларига ҳужум қилди.
Омборлардаги товарларнинг аксарияти кредит ҳисобига сотиб олинган, улар учун солиқлар тўланган, етказиб берувчилар олдидаги мажбуриятлар эса сақланиб қолган. Украина президенти Владимир Зеленский Вилдберриесъга қилинган ҳужумларни омборларда дронлар ва навигация ускуналари учун қисмлар сақлангани билан изоҳлаган эди.
Вилдберриес Украина ҳужумларидан зарар кўрган сотувчиларга компенсация тўлашни бошлаган. Компания офертасида маркетплейс дрон ҳужумлари учун жавобгарликдан озод этилган бўлса-да, компания раҳбари Татяна Ким "сотувчиларни ташлаб қўймасликлари"ни айтди. Иқтисодий зарар камида 180 миллиард рублга баҳоланмоқда.

