Ўзбекистонда Вилдберриес билан ишлаётган экспортчилар муаммолари бўйича алоҳида йиғилиш ўтказилади
АРТАТЕХ тўқимачилик компанияси экспорт ҳажми камайгани ҳақида мурожаат қилгач, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Вилдберриес раҳбарияти билан алоҳида йиғилиш ўтказишни топширди. Тадбиркорнинг айтишича, бунга асосий сабаб — Вилдберриес омборларида деярли ҳар куни ёнғин содир бўлаётганидир.

Ўзбекистонда Вилдберриес билан ҳамкорлик қилаётган экспортчилар дуч келаётган муаммолар, хусусан, дебиторлик қарздорлиги масаласи бўйича алоҳида йиғилиш ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев топшириқ берди.
Ушбу қарорга Хоразмдаги АРТАТЕХ тўқимачилик корхонаси раҳбари Наргиза Бекмуратованинг 5-август куни тадбиркорлар билан учрашувда қилган мурожаати сабаб бўлди. Бекмуратованинг сўзларига кўра, корхонанинг экспорт ҳажми бу йил сезиларли даражада камайган.
АРТАТЕХ компанияси Европа мамлакатлари ва АҚШга маҳсулот экспорт қилади. Корхонада қарийб 300 нафар ходим ишлайди ва одатда йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил этади. Бироқ, бу йил экспорт ҳажмининг пасайиши кутилмоқда. Наргиза Бекмуратова бу ҳолатга Вилдберриес орқали ишлаш билан боғлиқ муаммоларни сабаб қилиб кўрсатди.
"Бу йил экспортимиз камайди. Одатда йилига 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қиламиз. Сабаб ҳаммага маълум: деярли ҳар куни Вилдберриесънинг қайсидир омборида ёнғин чиқмоқда", — деди тадбиркор. Унинг қўшимча қилишича, бу вазият компанияда дебиторлик қарздорлиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Жамшид Хўжаевнинг маълум қилишича, ушбу масала юзасидан жума куни алоҳида йиғилиш ўтказилади. "Мен аллақачон компания (Вилдберриес) раҳбарияти билан гаплашдим, улар йиғилишда масофадан туриб иштирок этади", — деди у. Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти билан биргаликда мазкур муаммони ҳал этиш бўйича тизимли чоралар кўрилиши таъкидланди.
Шунингдек, бош вазир ўринбосари мутасаддиларга экспортчиларнинг дебиторлик қарздорлиги бўйича алоҳида маълумот тайёрлаш ва уни Вилдберриес раҳбарияти билан муҳокама қилишни топширди.
Вилдберриес маълумотларига кўра, 2025-йилда маркетплейс орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси ҳажми 1,4 миллиард доллардан ошган. Таққослаш учун, Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, бу кўрсаткич 2023-йилда 418 миллион доллар бўлган. РФ бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуровга кўра, 2024-йилда савдо ҳажми 605 миллион долларга етган.
Наргиза Бекмуратова, шунингдек, СТ-1 товарнинг келиб чиқиш сертификатини дам олиш кунлари ҳам беришни йўлга қўйишни таклиф қилди. Унинг айтишича, компания экспорт ҳужжатларини кечқурун ва якшанба кунлари расмийлаштиради, аммо сертификат берувчи эксперт бўлинмалари бу вақтда ишламайди.
Жамшид Хўжаев хизмат тўлиқ онлайн шаклга ўтгунча, Хоразм вилоятида СТ-1 сертификатларини шанба ва якшанба кунлари ҳам беришни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. "Экспортни шанба ва якшанба кунлари тўхтатмаймиз", — деди масъул идора вакили.
АРТАТЕХ раҳбари экспорт маҳсулотларини лабораторияда текшириш харажатларини субсидия қилинадиган харажатлар рўйхатига киритишни ҳам сўради. Унинг таъкидлашича, бундай текширувлар Европа бозорига чиқиш учун зарур, аммо қўшимча харажат талаб қилади.
Жамшид Хўжаев Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ва мутасадди идораларга таклиф тайёрлаб, эксперимент тариқасида Хоразм вилоятида қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этишни топширди. Шунингдек, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Мирвохид Азимовга компаниянинг Лондон ва бошқа Европа бозорларига чиқиш лойиҳасини назоратга олиш вазифаси юклатилди.
Учрашувда тадбиркор захира электр таъминоти ускунаси носозлиги ва фабрика олдидаги йўлнинг аҳволидан ҳам шикоят қилди. Бош вазир ўринбосари электр таъминоти муаммосини икки кун ичида ҳал этиш, йўлни таъмирлаш масаласини эса Шовот тумани ҳокими билан муҳокама қилишни топширди.
2026-йил июл-август ойларида Россиянинг турли ҳудудларида, жумладан Электростал шаҳри, Самара, Владимир ва Тула вилоятларида жойлашган Вилдберриес логистика обьектлари ҳамда тақсимлаш марказлари Украина учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумларига учраган эди. Ҳужумлар оқибатида компания омбор майдонларининг 15−20 фоиздан ортиғи шикастланган ва ишдан чиққан. Мутахассислар тўғридан-тўғри етказилган зарарни 100−300 миллиард рубл (тахминан 1,2−3,7 миллиард доллар) деб баҳоламоқда. Украина президенти Владимир Зеленский ижтимоий тармоқларда зарар кўрган Вилдберриес омборларини "Россия армиясини дронлар учун бутловчи қисмлар, навигация ускуналари ва жиҳозлар билан таъминлашда иштирок этган логистика марказлари" деб атаган.

